Глобал демографик синов

Экспертлар фикрича, 2026 йилга келибинсоният илгари кузатилмаган демографик мураккаблик билан юзлашмоқда. Ривожланган мамлакатларда аҳолининг тез қариши ва ишчи кучи камайиши – иқтисодий тизимга катта босим ўтказмоқда. Шу сабабли, кўпгина давлатлар иқтисодий барқарорликни сақлаш учун иммиграция ва автоматлаштириш технологиялари орқали ишчи кучини тўлдиришга интилмоқда.

Хитойда аҳолининг ўртача ёши ошиб бормоқда. Бу ишчи кучи етишмовчилиги муаммосини янада кучайтиради ва мамлакат автоматлаштириш ҳамда технологияли ечимларга эътибор қаратмоқда. Россияда ҳам аҳоли камайиши ва ишчи кучи танқислиги кузатилмоқда. Шу сабабли РФ ҳам малакали ишчи кучини жалб қилиш ва технологияли ечимлар орқали иқтисодий юкни камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Эътиборлиси, ёш аҳолига эга давлатларда хусусан, Марказий Осиё мамлакатларида аҳолининг катта қисми 30 ёшгача бўлиб, бу улуш иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш учун улкан имконият яратади. Ёшларни сифатли таълим ва инновацион лойиҳаларга жалб қилиш орқали давлатлар демографик имкониятни иқтисодий фойдага айлантириши мумкин.

Ривожланган давлатларда ўртача ёш ошиб бормоқда. Масалан, Жанубий Кореяда туғилиш даражаси 0,7 дан паст бўлиб, ишчи кучининг камайиши ва пенсия тизимига тушадиган юкни оширмоқда. Бу каби ўлкаларда кекса ёшдагилар учун хизматлар – соғлиқни сақлаш, туризм ва кўнгилочар соҳалар устувор йўналишга айланган.

Жорий йилда айрим давлатларда ишчи кучи етишмовчилиги ва ёшларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш масаласини ҳал этиш учун сунъий интеллект ва робототехника кенг қўлланила бошланди. Саноатда роботлар ишчилар ўрнида бўлса, кексаларни парвариш қилишда AIёрдамчилар кўпаймоқда. Таҳлилларга кўра, давлатларнинг келажакдаги қудрати нафақат ялпи ички маҳсулот, балки инсон капиталини бошқариш ва ёшларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш қобилияти билан ўлчанади. 

Ф.Яхшибоева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech