Ҳар бир бола хавфсиз муҳитда улғайиши шарт

Бола жамиятнинг энг нозик ва ҳимояга муҳтож қатлами ҳисобланади. Унинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати ва камолоти ҳар қандай жамият учун муҳим. Аммо ҳаётда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳануз учраб тургани бу муаммога фақат жазо ва тақиқлар билан эмас, балки тизимли ёндашув ва жамиятнинг умумий масъулияти орқали барҳам бериш зарурлигини кўрсатмоқда.

Мазкур мавзу юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё РАҲМОНОВАнинг фикрларига қизиқдик.

– Kейинги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни ҳар қандай зўравонликдан асраш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас, – деди Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили. – Давлатимиз раҳбари 2024 йил 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг парламент сайловидан кейинги ўтказилган биринчи мажлисидаги нутқида таъкидлаганидек, маданиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз ва аёвсиз курашишимиз шарт. Боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қиладиган, жисмоний ва руҳий азоб етказиши мумкин бўлган барча ҳолатларда давлат томонидан тегишли ҳуқуқий ва ижтимоий чоралар кўрилиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Айни ана шу қатъий сиёсий ирода натижаси сифатида 2024 йил 14 ноябрда соҳада тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни алоҳида аҳамиятга эга. Қонуннинг асосий мақсади – зўравонликнинг олдини олиш, ундан жабр кўрган болалар билан ишлаш тизимини яратишдан иборат. Қонунда зўравонлик шакллари илк бор аниқ белгилаб берилди. 

Жумладан, унда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар ва уларни самарали амалга ошириш механизми кўрсатиб берилди. Қонун билан болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун умумий ва индивидуал чоралар белгиланиб, ҳимоя ордери бериш, жабрланган ёки хавф остидаги болага комплекс ёрдам кўрсатиш, ҳаёти, соғлиғига хавф туғилганда, болани қонуний вакиллари қарамоғидан олиб қўйиш каби таъсирчан механизмга асос солинди. 

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 19-моддасига кўра, болалар зўравонликнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоя қилиниши шарт. Мазкур конвенцияда кўзда тутилган вазифалар Ўзбекистонда қай тарзда бажарилиши таҳлил қилиниб, Болалар омбудсмани томонидан болага нисбатан зўравонликка оид хабарлар алоҳида назоратга олинган ҳолда ўрганилмоқда. 

Жумладан, 2024 йилда ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида болага нисбатан содир этилган зўравонлик бўйича қонуний чора кўриш тўғрисида келиб тушган мурожаатлар жами мурожаатларнинг деярли 21 фоизини ташкил этмоқда. Яъни, Болалар омбудсманига йўлланган ҳар бешинчи мурожаат – болага нисбатан турли шаклдаги зўравонликка оид бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармон имзоланди. 

Стратегияда болалар учун зўравонликдан холи муҳит яратиш, хавф остидагиларни эрта аниқлаш ҳамда жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга комплекс ёрдам кўрсатиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. 

Алоҳида таъкидлаш жоизки, стратегия доирасида болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий, психологик, таълим ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатишни кенгайтириш, болалар билан ишлашда индивидуал ёндашувни жорий этиш, шунингдек, ижтимоий ёндашувга асосланган кичик ҳажмли, очиқ форматдаги марказлар фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган. Бундай шаклдаги марказларнинг ташкил этилиши бола учун хавфсиз ва дўстона муҳитни таъминлаган ҳолда у бошидан кечираётган мураккаб вазиятда махсус ва малакали ёрдам кўрсатиш имконини яратади.

Шунингдек, болалар манфаатларини тергов ва суд жараёнларида ишончли таъминлаш, соҳада фаолият юритувчи мутахассисларни махсус тайёргарликдан ўтказиш ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини ягона электрон тизим орқали ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш чоралари муҳим йўналишлар сифатида белгиланган.

Шу ўринда эътироф этиш муҳимки, болалар ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустақил ҳимоя қилишда катталарга нисбатан заифлиги туфайли, иш юритувининг барча процессуал босқичларида уларга самарали юридик ёрдам, вакиллик ҳамда ижтимоий ва психологик қўллаб-қувватлаш кафолатланиши шарт. Стратегия билан айнан ана шу кафолатлар таъминланиши механизми йўлга қўйилмоқда.

Стратегиянинг яна бир аҳамиятли жиҳати, таълимдан четда қолган ва ижтимоий хавф остидаги болаларни қўллаб-қувватлашдир. Бу борада уларни касбга йўналтириш, жамиятга мослаштириш, оилалар билан ишлаш йўналишида болага нисбатан зўравонлик хавфини камайтириш, ота-оналарни қўллаб-қувватлаш қамраб олинган.

Яъни, ижтимоий хавф остидаги болалар билан ишлашда нафақат қатъий чоралар кўриш, балки ота-оналарни ижтимоий мураккаб вазиятларда қўллаб-қувватлаш орқали оилада бола учун фаровон ва барқарор муҳит яратилмоқда.

Зеро бугунги кунда фарзанди учун хавфсиз, жисмонан ва руҳан соғлом муҳит яратиш ота-онанинг бирламчи вазифасидир. Ота-оналарнинг билим ва кўникмасини ошириш эса жамиятда болани босим ва тазйиқлардан холи тарбияланишида муҳим вазифа ҳисобланади.

ЎзА мухбири 

Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА 

ёзиб олди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech