Интернет орқали аниқланган болалар зўравонлиги бўйича 23 та жиноят, 28 та маъмурий иш қўзғатилган
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш бугун ҳар қачонгидан-да долзарб масалага айланиб бормоқда.
Бу борада Бола ҳуқуқлари бўйича вакил — Болалар омбудсмани ташаббуси билан ўтган 2025 йилда болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят иши ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Қолаверса, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари юзасидан 20 та жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув олиб бориш учун юборилган.

Шунингдек, интернет тармоғида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳолатлар мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганилиб, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик юзасидан 23 та жиноят ва 28 та маъмурий иш қўзғатилиши таъминланган.
Булар ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Болалар омбудсманининг 2025 йилдаги бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузасини дастлабки тарзда кўриб чиқди.
Маърузада келтирилганидек, 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1 минг 934 та мурожаат келиб тушган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 та шахсий қабулида 141 та фуқаролар билан мулоқот қилиниб, уларнинг 98 та мурожаати кўриб чиқилган.

Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан жами 36 та таъсир ҳужжати — 2 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ва 3 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган.
Бундан ташқари, боланинг моддий таъминоти юзасидан жами 403 млн. 745 минг сўмлик алимент қарздорлиги ундиришга кўмаклашилган. 52 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат божи ва бошқа тўловларсиз ID-карталар расмийлаштирилишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, 20 нафар имконияти чекланган бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга реабилитация, психологик-педагогик коррекция хизматлари ташкил этишда кўмаклашилган. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 45 нафар бола эса Ўзбекистон Республикасига қайтарилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский