Иш вақтидан ташқари меҳнат учун икки ҳисса ҳақ тўланиши қонунан белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига иш вақтидан ташқари меҳнат фаолияти учун ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Янги тартиб меҳнат бозорида адолатли тўлов тизимини таъминлаш, шу билан бирга ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Қонунга мувофиқ, иш вақтидан ташқари меҳнат қилган ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш миқдори оширилди. Энди иш вақтидан ташқари меҳнатнинг биринчи икки соати учун камида 1,5 ҳисса, икки соатдан ортиқ қисми учун эса камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Аввал амалда бўлган иш вақтидан ташқари меҳнатнинг йиллик 120 соатлик чегараси бекор қилинди. Бу ўзгариш иш берувчиларга меҳнат жараёнини эластик тарзда ташкил этиш имконини беради, ходимлар эса бажарган қўшимча меҳнати учун муносиб рағбатлантирилади.

Қонун билан хусусий бандлик агентликларининг ваколатлари кенгайтирилди. Энди улар иш қидираётган шахслар учун касб-ҳунар ва чет тилларини ўқитиш курсларини ташкил этиши, чет эллик иш берувчиларни мазкур жараёнга жалб этиши мумкин. Шунингдек, агентликлар тижорат банкларидаги депозитлардан олинадиган фоиз даромадларини мустақил равишда тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ш. Маматуропова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech