Исломофобияга қарши кураш халқаро куни муносабати билан нуфузли анжуман ўтказилди
15 март – Исломофобияга қарши кураш халқаро куни муносабати билан ЮНЕСКО қароргоҳида “Исломофобияга барҳам бериш: таълим, маданият ва мулоқот орқали ечимлар” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Мазкур тадбир Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг ЮНЕСКО ҳузуридаги гуруҳи томонидан ЮНЕСКО ва ИҲТ Бош котибиятлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбир аввалида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Цивилизациялар альянси бўйича Олий вакили Мигель Анхель Моратинос Куяубе анжуман иштирокчиларига мурожаат йўллади. У ўз нутқида сўнгги йилларда дунё миқёсида диний асосдаги низо ва зиддиятлар кучайиб бораётгани, мусулмонларни камситиш ҳолатлари ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганини таъкидлаб, бундай ҳолатларнинг олдини олишда турли эътиқодларга мансуб шахслар ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамиятга эгалигини қайд этди.
Анжуманда халқаро ташкилотлар вакиллари, Франция ва ИҲТга аъзо давлатлардан келган таниқли экспертлар маъруза қилди. Жумладан, тадбирда Ўзбекистон номидан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Ш.Исломов нутқ сўзлади.
Иштирокчиларга янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган халқаро аҳамиятга эга лойиҳалар, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилгани, ушбу марказлар маданий мулоқотни таъминлаш, динлараро бағрикенглик ғояларини илгари суришда муҳим платформа вазифасини ўташи ҳақида батафсил маълумот етказилди.
Маърузачилар томонидан исломофобиянинг келиб чиқиш сабаблари, замонавий шакллари, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, камситишнинг турли кўринишларига қарши курашиш, таълим, маданият ва динлараро мулоқот орқали жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашнинг амалий йўллари муҳокама қилинди.
Шунингдек, спикерлар ўз чиқишларида исломофобияга фақат сиёсий эмас, балки маърифий ёндашув орқали ечим топиш мумкинлигини, бунда Ўзбекистон каби бой маданий меросга эга мамлакатларнинг тарихий тажрибаси ва амалга ошираётган ташаббуслари намунавий модель бўла олишини қайд этди.
Тадбир якунида иштирокчилар халқаро ҳамжамиятни диний адоватнинг ҳар қандай шаклига қарши бирлашиш, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш асосида тинч-тотув яшаш тамойилларини илгари суришга чақирди.
Халқаро анжуман якунида ЮНЕСКОга аъзо давлатлар вакиллари иштирокида ифтор маросими бўлиб ўтди. Унда ЮНЕСКО Бош директори Холид ал-Ананий иштирок этди. Маросимда иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакиллиги томонидан ўзбек миллий таомлари тақдим этилди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири
Ўзбекча
English
Русский