Жакарта дунёнинг аҳоли энг зич жойлашган шаҳри деб тан олинди
БМТ маълумотларига кўра, туташган ҳудудлар билан қўшиб ҳисоблаганда шаҳарда 42 млн аҳоли истиқомат қилади.
Индонезия пойтахти Жакарта дунёнинг аҳолиси энг зич жойлашган шаҳрига айланди, дейилади БМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаментининг аҳоли бўлими тадқиқотида (.pdf).
Ҳозир шаҳарда 42 млн аҳоли истиқомат қилади, бу қиймат шаҳарга туташиб кетган кўплаб аҳоли пунктлари билан бирга ҳисобланган.
Аҳоли зичлиги кўрсаткичи бўйича рейтингда иккинчи ўринни 37 млн киши истиқомат қиладиган Бангладеш пойтахти Дакка эгаллаган. Учинчи ўрин Япония пойтахти Токиога насиб этди - мегаполисда 33 млн киши истиқомат қилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2018 йилда эълон қилинган аввалги ҳисоботида Токио аҳоли зичлиги бўйича 37 млн киши билан биринчи ўринни эгаллаган эди.
БМТ долзарб ҳисоботни тайёрлашда урбанизация параметрларини янада аниқроқ олиш ва аҳоли пунктларини таснифлаш имконини берувчи янги методология ва мезонлар қўлланилганини таъкидлади.
Ҳозир шаҳарларда яшовчи одамларнинг улуши сайёрамиздаги 8,2 миллиард аҳолининг қарийб 45 фоизини ташкил этади. Мегаполислар (аҳолиси 10 млн кишидан кам бўлмаган шаҳарлар) сони 2025 йилга бориб 33 тага етди. Дунёдаги аҳолиси энг зич 10 та шаҳардан 9 таси Осиёда жойлашган. Жакарта, Дакка ва Токиодан ташқари Ню-Деҳли, Шанхай, Гуанчжоу, Қоҳира, Манила, Калкутта ва Сеул шаҳарлари шулар жумласидандир.
БМТ прогнозига кўра, 2050 йилга бориб дунё аҳолиси ўсишининг учдан икки қисми шаҳарларга тўғри келади. Аср ўрталарига келиб Дакка дунёнинг энг йирик шаҳрига айланиши кутилмоқда.
Kun.uz
Ўзбекча
English
Русский