Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари ушбу шиор остида ўтказилади. Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 18 июль куни имзолаган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорда шу ҳақда сўз боради.
Қарор муқаддимасида таъкидланганидек, “Айнан мустақиллик туфайли мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Дунё бизни янгитдан таниди ва тан олди. Ер юзидаги турли давлатлар ва халқлар билан дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларимиз тобора кенгайиб, юртимизнинг халқаро майдондаги мавқеи ва нуфузи ортиб бормоқда. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида мустақил давлат бўлиб, дунёга очилиб яшаш, эркин ва озод халқлар оиласида муносиб ўрин эгаллаб, замонавий тараққиётга эришиш нақадар улуғ бахт ва шараф, шу билан бирга, улкан масъулият эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз”.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик шонли санасини чинакам умумхалқ байрами, озодлик ва саодат айёми сифатида кўтаринки кайфиятда кутиб олиш ҳамда мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт даражаси, юксалиш суръатларига муносиб тарзда нишонлаш мақсадида ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланади. Мазкур дастур “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, шунингдек, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” бўйича қабул қилинган давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланади.
Мустақиллик байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда нишонланади. Ҳудудларда Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, уч авлод учрашувлари, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, сайиллар, маданият ва спорт тадбирлари, гастрономик фестиваллар ўтказилади.
Маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ташкил этилади. Бунда жойларда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари етакчи ўринда турадиган ижтимоий давлат ва халқпарвар жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган тарихий ишлар, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан эришилаётган улкан натижаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур очиб беришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий ва жанговар қудратини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар кенг тарғиб этилади.
Мустақиллик байрами муносабати билан кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари ўтказилади.
Миллий истиқлол, халқ озодлиги учун курашиб, шу йўлда жон фидо этган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ота-боболар хотираси ёд этилади.
Юртимиз истиқлолини тараннум этувчи энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари танловларининг якуний босқичи ўтказилади. Шунингдек, «Она диёр – ранглар жилосида», «Ватан учун яшайлик!», «Энг улуғ, энг азиз» каби анъанавий кўрик-танловлар бўлиб ўтади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.07.2024
- Кўришлар: 2339
- Чоп этиш