9 август – Бутунжаҳон китобсеварлар куни
Китоб нима? Луғавий маъносига кўра:
китоб – ахборотларни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик қарашларни шакллантириш воситаси;
китоб – билимлар тарғиботи ва тарбия қуроли;
китоб – бадиий, илмий асар, ижтимоий адабиёт;
Олис тарихда дунёнинг турли халқлари тилларида “китоб” тушунчаси кенг маъноларда қўлланган. Хусусан, Шарқда – Алишер Навоий бобомиз замонида китоб – биринчидан, муқоваланган ҳақиқий китобни; иккинчидан, муаллиф қаламига мансуб қўлёзма асарни; учинчидан, мактуб, хат ёки рисолани англатган.
Кейинги асрларда юз берган техник тараққиёт, жумладан, матбаа-ноширлик технологияларининг жадал ривожланиши, ўз навбатида, кенг ва мўл тарқалаётган “бозори чаққон” ушбу маҳсулотга имкон қадар аниқ таъриф беришни тақозо этди. Натижада ХХ асрда келиб, ЮНЕСКО тавсиясига кўра, халқаро статистикада ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашр шартли равишда “китоб” деб номланадиган бўлди.
Ўз навбатида, “Китобсеварлар ким?”, деган савол ҳам туғилиши табиий.
Китобсеварлар – китоб ўқишни яхши кўрадиган ва китобни қадрлайдиган жамики китобхон инсонлар тоифаси.
Китобсеварлар – китобат, китобшунослик ва матбаа-ноширлик соҳаларида хизмат қилувчи фидойи ҳамда зиёли тадбиркорлар қатлами.
Китобсеварлар – китобдорлар, кутубхоначилар, замонавий тилда айтганда, ахборот-кутубхона марказлари, электрон кутубхоналар ва Интернетдаги йирик китоб порталлари тизимининг жонкуярлари.
Ҳар йили 9 август куни нишонланадиган Бутунжаҳон китобсеварлар куни ана шу севимли машғулот ва маърифий касб-корлар соҳибларининг жаҳон миқёсидаги байрами ҳисобланади. Бу байрамга ким томонидан ва қачон асос солингани номаълум.
Китобсеварлар куни (Book Lovers Day) дастлаб АҚШда норасмий тарзда нишонлаб келинган. Кейинчалик айни шу миллий анъана дунёнинг турли мамлакатлари китобхонлари орасида оммалашди. Энг муҳими, ушбу санада дунё китобсеварлари смартфонларини ўчириб, байрам кунини мутолаа ва ўз яқинларига китоб улашишдек эзгу амаллар билан ўтказадилар.
Жаҳоннинг энг китобсевар халқлари ҳақида 2022 йил август ойидаги маълумотга кўзим тушди. Халқаро маданият индексига кўра, “Дунёда энг кўп китоб ўқийдиган аҳолига эга мамлакат” деган мезон бўйича кучли 26 та давлат рейтинги Интернетда эълон қилинибди. Ушбу рейтингда биринчи ўринни эгаллаган Ҳиндистонда одамлар китоб мутолааси учун ҳафтасига ўртача 10 соату 42 дақиқа сарфлар экан. Рўйхатнинг охирига бўлса ҳам илиниб қолган Жанубий Кореяда ушбу кўрсаткич 3 соату 6 дақиқани ташкил этмоқда.
Рейтинг рўйхатида, шунингдек, Таиланд (9:24), Хитой (8:00), Филиппин (7:36), Миср (7:30), Чехия (7:24), Россия (7:06), Швеция (6:54), Франция (6:54), Венгрия (6:48), Саудия Арабистони (6:48), Польша (6:30), Венесуэла (6:24), Жанубий Африка Республикаси (6:18), Австралия (6:18), Индонезия (6:00), Аргентина (5:54), Туркия (5:54), Испания (5:48), Канада (5:48), Германия (5:42), АҚШ (5:42), Италия (5:36), Бразилия (5:12), Япония (4:06) давлатлари ҳам бор.
Аммо, ушбу рўйхатда Ўзбекистонни излаб тополмадим. Унга Марказий Осиё минтақасининг бошқа давлатлари ҳам кирмаган. Холбуки, Шарқда китоб ва мутолаа маданияти азалдан қадрланган. Улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро ибораси билан айтганда, “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.
2023 йил 23 апрелида ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле Бутунжаҳон китоб капитали бўйича маслаҳат қўмитасининг баҳолаш натижаларига кўра Франциянинг Страсбург шаҳрини 2024 йил учун Жаҳон китоб пойтахти этиб белгилади. 2001 йилдан ҳисоблаганда Страсбург бу номга муносиб кўрилган 24-шаҳар саналади.
Бунга қадар Мадрид (2001), Александрия (2002), Нью-Деҳли (2003), Антверпен (2004), Монреал (2005), Турин (2006), Богота (2007), Амстердам (2008), Байрут (2009), Любляна (2010), Буэнос-Айрес (2011), Ереван (2012), Бангкок (2013), Порт-Харкорт (2014), Инчеон (2015), Вротслав (2016), Конакри ( 2017), Афина (2018), Шаржа (2019), Куала-Лумпур (2020), Тбилиси (2021), Гвадалахара (2022) ва Аккра (2023) шаҳарлари “Жаҳон китоб пойтахти” номига сазовор бўлган.
Бинобарин, ЮНЕСКО ҳамда китоб саноатининг учта асосий сектори – ноширлик, китоб савдоси ва кутубхоначилик соҳалари фаолияти билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар ҳар йили 23 апрелда дунё шаҳарларидан бирига “Жаҳон китоб пойтахти” фахрий унвонини тақдим этиши хайрли анъанага айланган. Бундай шарафга сазовор бўлган шаҳар, одатда, китоб ва китобхонликни кенг тарғиб этиш, йил давомида бу борада алоҳида чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олади.
Шу муносабат билан камина “23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни” арафасида чоп эттирган мақоламда бундан бир неча йил илгари академик Акмал Саидов матбуотда Тошкент шаҳрини – “Жаҳон китоб пойтахти”га айлантириш ташаббусини илгари сургани ҳақида ёзгандим. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз пойтахти бу фахрий унвонга ҳар томонлама муносиб, деб ўйлайман.
Шунинг учун Тошкент “Жаҳон китоб пойтахти” унвонига мушарраф бўлмаганига астойдил ранжигандим. Энди эса Ўзбекистоннинг “Дунёда энг кўп китоб ўқийдиган аҳолига эга мамлакат” рейтингига кирмай қолганидан афсусланмоқдаман.
Бугунги кунда гуркираб тараққий этаётган пойтахтимиз учун, энг асосийси, турли халқаро рейтингларда юқори ўринларни изчил забт этаётган Янги Ўзбекистон учун бундай марралар чўт эмас, назаримда. Агар ҳар икки рўйхат ўзаро қиёсланадиган бўлса, аксарият мамлакатларнинг иккала рейтингда ҳам борлигини кўриш мумкин. Халқона айтганда, “Ҳаракатда – баракат” деганлари шу.
Китоб мутолаасида гап кўп. Шарқда ва Ғарбда инсониятни юксак тараққиёт сари бошлаган Ренессансларнинг барчаси китоб ёзиш ва тарқатиш, кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, турли тиллардан турфа асарларни таржима қилиш ҳамда ўқиш ва ўрганишдек қамровдор маънавий-маърифий жараёнларга таянгани шубҳасиз.
Эътибор беринг: буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино 4 ёшида Қуръонни тўла ёд олган. Бугунги кунда Қуръони каримдан кейинги муборак китоб дея тан олинган “Саҳиҳи Бухорий”ни тузган алломамиз Имом Бухорий 11 ёшида устози ад-Дохилийнинг илмидаги хатони тузатган. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий 6 ёшида шеърлар ёза бошлаган ва Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ёддан билган. Ҳассос шоир ва шоҳ бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса 12 ёшида давлат арбоби сифатида тахтга ўтирган.
Аждодларимиз нима учун бу қадар етук олиму шоир, аллома-ю маърифатпарвар, бир сўз билан айтганда, буюк инсонлар бўлган? Академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда, аввало, аждодларимиз жаҳолатга берилмаган, кимнидир ғийбат қилиб, олтиндан қиммат вақтини зое қилмаган. Ўзининг идрокини, азму қудратини илмга сарфлаган, билимини муттасил бойитган. Янада муҳими, аждодларимизнинг маърифат борасида, таъбир жоиз бўлса, “илиги тўқ” бўлган. Зеро, улар бир эмас, иккита Ренессанс маърифатининг қаймоғидан баҳраманд бўлганлар.
Шу маънода, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиётининг узоқ муддатли стратегияларида маънавият, маърифат ва китобсеварлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2017-2021 йилларда мамлакатимизда ноширлик, адабиёт, кутубхона ва китобхонлик соҳаларини ривожлантиришга қаратилган ўнга яқин фармон, қарор ва фармойишлар қабул қилинди.
Айниқса, 2021 йил 26 ноябрда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилингани соҳа тараққиётида алоҳида аҳамият касб этди. Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган 2020–2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури изчил бажарилмоқда.
Соҳага оид ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти нимада? Биргина рақам келтирамиз: 2019-2022 йилларда юртимиз нашриётлари томонидан 26 минг 754 номдаги 132 миллиондан ортиқ адабиёт ва матбаа маҳсулотлари нашр этилган.
Иккинчидан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш белгиланган. Мазкур ғоя тарғиботи йўлида мутасаддилар аҳоли орасида мутолаа маданиятини оширишга жиддий эътибор қаратмоқдалар.
Жумладан, ўтган даврда юртимиз бўйлаб 500 га яқин китоб-кўргазма ярмаркаси, китобхонлик танлови, китоб фестивали ва мутолаани оммалаштиришга йўналтирилган бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилди. Бу тадбирлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Кейинги йилларда “Китобсевар миллат” шиори остида анъанавий тарзда ўтказилаётган Республика китобхонлик ҳафталиги, шунингдек, жорий йил 1 июнь – Халқаро болалар куни пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида илк бор ташкил этилган “Болалар китоб фестивали” ана шундай тадбирларнинг узвий давомидир. Фестиваль иштирокчилари эътироф этганларидек, юртимиздаги 380 дан зиёд нашриётнинг барчасида болалар учун дарсликлар, бадиий ва турли мазмундаги бошқа адабиётлар чоп этиляпти.
Учинчидан, 2023 йилги сайлов кампаниясида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев эълон қилган сайловолди дастури доирасида баён этилганидек:
- ҳар йили 100 та энг яхши бадиий асар ҳамда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган 50 та бадиий китоб яратиш учун ижодий буюртма берилиб, муаллифларга 100 миллион сўмдан қалам ҳақи тўланади;
- келгуси етти йилда кутубхоналарнинг 40 миллионга яқин китоб фонди тўлиқ рақамлаштирилади ва уларнинг ягона каталоги яратилади;
- 2030 йилга қадар мамлакатимиздаги барча кутубхоналар тўлиқ таъмирланади. Шу мақсадда 500 миллиард сўм ажратилади;
- маданият ва санъат соҳалари вакиллари, музей ва кутубхоналар ходимлари иш ҳақи келгуси етти йилда 3 карра оширилади. Бунда мактаб кутубхоначиларининг иш ҳақи педагог ходимлар ойлигига тенглаштирилади;
- 2030 йилга қадар маданият ва санъат соҳалари вакиллари ҳамда адиблар учун янги қурилаётган уй-жой массивларидан 10 мингта хонадон имтиёзли шартларда берилади.
Тўртинчидан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба асосида ишлаб чиқилган ва айни вақтда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасига мувофиқ:
– ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш;
– жамиятда китобхонликни ва аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ривожлантириш;
– китобхон ёшлар сонини 5 миллион нафарга етказиш;
– ҳар йили 100 та энг яхши бадиий асар ҳамда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган 50 та бадиий китоблар яратиш;
– мазкур китобларни 20 минг нусхадан нашр қилиш;
– “Ўзбек адабиёти хазинасидан” 300 жилдлиги, “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 200 жилдлигини ўзбек тилида нашр қилиш;
– 40 миллионга яқин китоб фондини тўлиқ рақамлаштириш мўлжалланмоқда.
Келгусида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган ва амалга оширилиши давом этаётган, ўз аҳамиятини йўқотмаган барча долзарб мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши таъминланади.
Буларнинг барчаси китобсевар халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришда муҳим роль ўйнаши тайин.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз таъбири билан айтганда, «Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир». Чунки китоблар миллий ўзлик ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилади.
Мустақиллик туфайли кўп минг йиллик асл илдизларга қайтиб, миллий давлатчиликни, миллий ўзлик ва маънавиятни, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматни тиклашдек ҳуқуқий имконларга эга бўлдик. Истиқлол китобхон халқ деган азалий юксак мавқеимизни нафақат қайтариб берди, айни чоғда, бу борадаги интеллектуал салоҳиятимиз ва имкониятларимизни тубдан оширишнинг асосий омили бўлиб ҳам келмоқда.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 09.08.2024
- Кўришлар: 1247
- Чоп этиш