Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 11 сентябрда “Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилади.
Бош прокуратуранинг ташкилий-штат тузилмасида 7 та штат бирлигидан иборат Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик устидан назорат бошқармаси ташкил этилади.
Янги киритилаётган Бош прокурор ўринбосари зиммасига қатор вазифалар юклатилади. Хусусан, ҳар ҳафтада камида битта туман(шаҳар)га бориб, камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлигини ўрганади. Камбағал оилаларга берилаётган маблағлар эгасига манзилли етиб боришини назорат қилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида жами 28 та штат бирлигидан иборат Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик устидан назорат бўлинмалари ташкил этилади.
Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган масъулларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлайди. Ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш соҳасида қабул қилинаётган қонунлар талаблари, Президентнинг Фармон ва қарорларида белгиланган топшириқлар ижросини назорат қилиш ҳам янги киритилаётган Бош прокурор ўринбосари зиммасида бўлади.
Маълумот учун: давлатимиз раҳбари раислигида 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.09.2024
- Кўришлар: 821
- Чоп этиш