18 сентябрь – Меҳнатга тенг ҳақ тўлаш халқаро куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2019 йил 18 декабрдаги резолюциясига асосан, ҳар йили жаҳон мамлакатларида 18 сентябрь – Меҳнатга тенг ҳақ тўлаш халқаро куни (“Международный день равной оплаты труда”) сифатида нишонланади.
Халқаро ҳуқуқда бир хил меҳнат учун инсонга унинг жинси, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ҳақ тўлаш тамойили дастлаб Халқаро меҳнат ташкилотининг 34-сессиясида 1951 йил 29 июнда қабул қилинган “Тенг ҳақ тўлаш тўғрисида”ги конвенциясида мустаҳкамланган.
Ушбу конвенциянинг 1-моддасига кўра, “тенг аҳамиятли меҳнат учун эркак ва аёл меҳнаткашларга тенг ҳақ тўлаш” атамаси жинс асосида камситмай белгиланадиган ҳақ тўлаш миқдори маъносини англатади.
2-моддада эса ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, ҳақ тўлаш миқдорини белгилашнинг амалдаги усулларига мос келадиган воситалар орқали, тенг аҳамиятли меҳнат учун эркак ва аёл меҳнаткашларга тенг ҳақ тўлаш принципининг қўлланилишини қўллаб-қувватлаши зарурлиги белгиланган.
Дунёнинг кўплаб давлатлари ушбу конвенцияни қабул қилиб, унинг нормаларини миллий қонунчиликларига имплементация қилган бўлса-да, афсуски, ҳали-ҳамон аксарият мамлакатларда меҳнатга ҳақ тўлашда дискриминация ҳолатлари учрайди. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, эркаклар ҳамда аёллар ўртасидаги глобал гендер иш ҳақи фарқи 20 фоиздан ортиқни ташкил этади. Яъни аёлларга кўп ҳолларда эркакларга нисбатан камроқ маош тўланади.
БМТ резолюцияси билан 18 сентябрь – Меҳнатга тенг ҳақ тўлаш халқаро куни сифатида белгиланишидан мақсад ҳам, аслида, халқаро ҳамжамият эътиборини ушбу муаммога қаратиш, давлат ва нодавлат ташкилотларни меҳнатга адолатли ва тенг ҳақ тўлашга тўсқинлик қилувчи муаммоларни бартараф этишга ундашдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 13 июлда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Тенг ҳақ тўлаш тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилган. Шунингдек, мамлакатимизда ҳар йили 18 сентябрь – Меҳнатга тенг ҳақ тўлаш халқаро куни сифатида кенг нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Самарали меҳнат қилиш ва унинг роҳатини кўриш – ҳар бир инсон ҳаётининг маъно-мазмунидир”.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига умумхалқ байрами мақоми берилган.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра: “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2021 – 2025 йиллар учун Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури қабул қилиниб, унда белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, ёшлар, аёллар ва аҳолининг заиф гуруҳлари учун инклюзив ҳамда адолатли иқтисодий ўсиш натижасида яратиладиган бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш, бир хил меҳнат учун тенг ҳақ тўланишини таъминлашга ҳам устувор эътибор қаратилмоқда.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар ва халқчил ислоҳотлар натижасида ҳар бир юртдошимизни унинг салоҳиятига мос, муносиб иш билан банд қилиш, ишчиларнинг меҳнат шароитларини, иқтисодий ва ижтимоий таъминотларини яхшилаш, инсонларга айни бир хил меҳнати учун камситишларсиз, тенг ҳақ тўланишига эришиш борасида самарали тизим йўлга қўйилган. Албатта, ҳар ким адолатли иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга. Зеро, шоирона тарзда айтганда:
Ишда унум, уйда бўлар ош,
Адл ила тўланса маош.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
Муқаддас ҚОСИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 18.09.2024
- Кўришлар: 772
- Чоп этиш