17 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё ваколатхонаси вакили вазифасини бажарувчи Д.Липкану ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Д.Липкану Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга фаол ва самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, 2024 йилга мўлжалланган Қўшма иш режаси доирасида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирларнинг муҳимлигини таъкидлади. Бинобарин, бу тадбирлар нафақат Тошкент шаҳри, балки мамлакатимиз вилоятларини ҳам қамраб олгани қочқинлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги долзарб муаммоларни янада самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда.
БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари Бошқармаси вакили мамлакатимизнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш борасида эришган муваффақиятларини юқори баҳолади. Айниқса, Ўзбекистон Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони ҳар йили мунтазам камайиб бораётган ягона давлат бўлиб қолаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ижобий воқелик мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини кўрсатади.
Мулоқот ишчан руҳда ўтди. Бу, шубҳасиз, томонлар фуқаролиги бўлмаган шахслар ва қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги умумий мақсадлар ижобатидан манфаатдорлигининг амалдаги яна бир тасдиғи бўлди.
Учрашув якунида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича 2025 йилга мўлжалланган Қўшма иш режасини ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази нинг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.09.2024
- Кўришлар: 863
- Чоп этиш