Фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш

18 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида «Фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш» мавзусида амалий семинар ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исаков, “Ветеран” фахрий жангчилар бирлашмаси раиси Талат Муродов тадбирни очиб берди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 11-моддаси “Таҳдидли ва фавқулодда гуманитар вазиятлар”га бағишланган бўлиб, унда иштирок этувчи давлатлар ногиронлиги бўлган шахсларни таҳдидли вазиятларда, фавқулодда гуманитар вазиятлар ва табиий офатлар пайтида ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, айни тадбирда пандемия ёки бошқа фавқулодда вазиятлар даврида ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа ҳаракати чекланган шахсларнинг яшаш ва соғлиққа оид ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қилинган ишлар муҳокама этилди. Истиқболдаги режалар белгилаб олинди.

Амалий семинарда давлат органлари ходимлари хамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга фавқулодда вазиятларда ёрдам беришга мўлжалланган энг янги жиҳозлар билан танишдилар. Республика тезкор хизмати ва кўнгиллилар (волонтёрлар) томонидан фавқулодда вазиятлар пайтида ногиронлиги бўлган инсонларни қутқариш ишларини қандай амалга оширилиши ҳақида зурура тушунчага эга бўлдилар.

Амалий машғулотлар давомида иштирокчилар нафақат назарий маълумотларга эга бўлди, балки фавқулодда вазиятларда ногирон шахсларни қутқариш, эвакуация қилиш ва уларни хавфсиз жойга кўчириш жараёнларини ҳам бевосита кузатдилар.

Республика тезкор хизмати координатори, Фавқулодда вазиятларда ёрдам бериш бўйича эксперт-инструктор Людмила Горенкова иштирокида фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахслар учун табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш мавзусида амалий кўргазмали чиқиш ҳам бўлиб ўтди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан махсус қутқарув техникаси ва жиҳозлари семинар иштирокчиларига намойиш этилди. Улар орасида ногирон шахсларни олиб чиқиш учун мўлжалланган махсус транспорт воситалари, қутқарув арғамчилари ва эвакуация қилиш ускуналари бўлиб, бундай вазиятларда қўлланиладиган замонавий техника ва технологиялар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Семинар давомида табиий офатлар, масалан, сув тошқини, ер қимирлаши, ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазиятлар пайтида ногирон шахсларни қутқариш учун махсус жиҳозлар ва техникадан қандай фойдаланилиши амалиётда кўрсатилди. Қутқарувчилар махсус қурилмалар ёрдамида ногирон шахсларнинг ҳаракатланишини таъминлаш, уларни хавфсиз жойга етказиш ва ёрдам кўрсатиш жараёнини тўлиқ кўрсатиб бердилар.

Ногирон шахслар фавқулодда вазиятларда эвакуация қилинганидан сўнг уларни вақтинчалик бошпана ва хавфсизлик чоралари билан таъминлаш муҳим ҳисобланади. Амалий машғулотларда фавқулодда вазиятларда махсус ташкил қилинган вақтинчалик бошпаналар қандай жиҳозлангани, ногирон шахслар учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг соғлиғини назорат қилиш ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш тартиблари тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Бундай вақтинчалик бошпана жойларида ногирон шахсларга зарур тиббий ёрдамни тезкор кўрсатиш, уларнинг эҳтиёжларига мувофиқ шароитлар яратиш бўйича давлат томонидан амалга ошириладиган чоралар батафсил муҳокама қилинди. Кўнгиллилар ва қутқарувчилар ногирон шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида ўз билимларини баҳам кўрдилар.

Ушбу амалий кўргазма ногирон шахсларни қутқаришда қандай замонавий техник воситалар қўлланилиши, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қандай тактикалардан фойдаланиш кераклиги бўйича иштирокчиларга кенг маълумотлар беришга имкон яратди. Амалий машғулотлар давомида ногирон шахсларнинг эҳтиёжларини тушуниш ва уларга нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндашиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, ногирон шахсларга ёрдам бериш бўйича республика даражасидаги тезкор қутқарув хизматларининг салоҳияти ва имкониятлари намойиш этилди.

Республика тезкор хизмати томонидан олий таълим муассасаларида фавқулодда вазиятлар вақтида фуқаролар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг эвакуациясини таъминлаш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилаётганлиги ҳақида маълум қилинди. Бундай дарслар ногирон шахслар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислар томонидан ўтказилади ва бу уларга фавқулодда вазиятларда ўзини қандай тутиш кераклиги бўйича аниқ кўникмаларни шакллантиришга ёрдам беради.

Тадбир якунида «Фавқулодда вазиятларда ногирон шахсларга ёрдам кўрсатиш» бўйича тавсиялардан иборат махсус рисола тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китобча ногирон шахсларни ҳимоя қилиш бўйича қўлланмалар ва фавқулодда вазиятларда уларга ёрдам бериш усуллари ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олган.

Иштирокчилар ушбу семинар ногирон шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга хавфсиз муҳит яратиш йўлида муҳим қадам эканини эътироф этдилар. Келажакда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва бундай тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Аслида ҳам, бу каби амалий тадбирлар нафақат ногирон шахсларга ёрдам кўрсатиш борасидаги билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган, балки фавқулодда вазиятларда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун халқаро стандартлар асосида бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирларни аниқлаш ҳамда ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

UzDaily.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech