24 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури раҳбари Андре Алгермиссен ўртасида учрашув бўлди. Унда жорий йилдаги ҳамкорлик натижалари ва кейинги истиқболли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёда ҳуқуқ устуворлиги дастури директори Стефан Самсе, ушбу тузилма менежери Валентина Шотт, Германиянинг Мюнхен олий минтақавий суди тижорат кўчмас мулк ижарасига ихтисослашган фуқаролик палатаси судьяси Максимилиан Краус, Ганновер университети ишлаб чиқариш иқтисодиёти бўлими иқтисодий ҳуқуқ профессори Артур Гейер ҳам иштирок этди. Мулоқотда, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова, Миллий марказнинг халқаро ҳамкорлик бўлими етакчи мутахассиси Асилбек Миржалилов қатнашди.
Миллий марказ директори А.Саидов Конрад Аденауэр жамғармасининг ваколатхонаси билан ўзаро ҳамкорликнинг жорий йилдаги натижалари тўғрисида қисқача тўхталди. Хусусан, биргаликда ўтказилган халқаро форумлар, Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган давра суҳбатлари ва конференциялар, ахборот-маърифий тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури раҳбари А.Алгермиссен ўзаро ҳамкорликнинг самарадорлигини таъкидлади. Миллий марказ кўп йиллардан буён Жамғарманинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб келаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёда ҳуқуқ устуворлиги дастури директори С.Самсе БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси этиб сайланганлиги муносабати билан Миллий марказ директорини қутлади. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Германия ўртасида ўтказиладиган икки томонлама конференцияларга Сингапур давлати тажрибасини қўшган ҳолда уч томонлама конференцияларни ташкил қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий жиҳатлари, хусусан, конституциявий ҳуқуқ, ҳуқуқ тарихи, судларнинг мустақиллиги, бугунги куннинг замонавий мавзулари – рақамли давлат бошқаруви ва замонавий одил судлов тизими, яъни ҳуқуқий давлатни таъминлаш учун зарур масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, Бангладеш қочоқлари учун ишлаб чиқилаётган қонун доирасида Сингапур, Малайзия ва Германия мутахассисларидан иборат кенгашга Ўзбекистон тажрибасини қўшиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёда ҳуқуқ устуворлиги дастури директори Стефан Самсега Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази эсдалик совғаси тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.09.2024
- Кўришлар: 793
- Чоп этиш