Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларнинг ҳолати қандай?
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев билан шу ҳақда суҳбатлашдик. – Яқинда Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғоя негизида кенг нишонлангани бежиз эмас, – дейди М.Тиллабоев. – Чунки ўтган даврда мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Ўзбекистон дунёнинг 156 та давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Юртимизда 46 та чет эл элчихонаси, 3 та бош консуллик, 13 нафар фахрий консул, 24 та халқаро ва 27 та хорижий ташкилот ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг 59 та дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд. Мамлакатимиз 100 дан ортиқ халқаро ташкилот аъзоси бўлиб, турли кўп ва икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириб келмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 11 та махсус резолюция қабул қилинди. – Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол иштироки самараларига қандай мисолларни келтириш мумкин? – Бу ҳақда сўз борганда, мамлакатимизнинг илк бор 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб сайланишидек тарихий воқеани алоҳида тилга олиш айни муддаодир. Ушбу Кенгаш доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири» (2021 йил октябрь), «Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари» (2022 йил октябрь) ҳамда «Ҳар бир болага тинчлик ва бағрикенглик руҳида сифатли таълимни таъминлаш» (2023 йил октябрь) тўғрисидаги резолюциялар қабул қилинди. Ўз навбатида, 2024 йилда Ўзбекистон биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон вакили илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. Юртимизда ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, қашшоқликка қарши кураш ва иқлим ўзгариши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган йирик халқаро тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Ўзбекистон БМТ тузилмалари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимиз томонидан ратификaция қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига миллий маърузалар ўз вақтида тақдим этиб келинмоқда. Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни халқаро ташкилот кўмагида мамлакатимизда меҳнат соҳасида 40 дан ортиқ норматив ҳужжат қабул қилинди, 23 та халқаро конвенция ратификация қилинди. – Инсон ҳуқуқлари конституциявий кафолатларининг муҳим жиҳатларига тўхталсангиз. – Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасида: “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли”, деб белгиланган. Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституция, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқини беради. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ролини ошириш, хусусан, Конституциянинг 56-моддасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тўғрисидаги қоидаларнинг мустаҳкамлангани муҳим демократик қадам бўлди. Фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқи конституциявий даражада мустаҳкамланган. Миллий қонунчилигимизга кўра, кам таъминланган шахслар, руҳий ҳолати бузилган ва психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахслар, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилгани муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Мамлакатда гендер тенглик, сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, қийноқларга қарши курашишни таъминлаш бўйича аниқ чоралар қабул қилинмоқда. Айниқса, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, уларга нисбатан ҳар қандай стереотиплар ва зўравонликларга барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қийноқлар ва зўравонликнинг бошқа турлари конституциявий даражада тақиқланган. Конституциянинг 26-моддасида қийноқлар, зўравонлик ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазоларга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Нельсон Мандела қоидалари қонунчилик ва амалиётга қатъий татбиқ этилган. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 25-моддасида «ўлим жазоси тақиқланади» деб расман ва аниқ белгилаб қўйилди. Бу билан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг Иккинчи факультатив баённомасининг талаблари амалга оширилди. Биринчи марта қулай атроф-муҳит ҳуқуқи конституциявий даражада таъминланди. – Юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим қай тарзда амалга оширилмоқда? – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий таълим самарадорлигини ошириш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим миллий дастури амалга оширилмоқда. Касб-ҳунар ва олий таълим тизимида “инсон ҳуқуқлари”, “аёллар ҳуқуқлари”, “болалар ҳуқуқлари” ўқув курслари жорий этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим учун электрон платформа ишга туширилган. Инсон ҳуқуқларига оид қўлланма ва рисолалар доимий равишда нашр этиляпти. – Ўзбекистоннинг истиқболли стратегияларида инсон ҳуқуқлари масаласига нечоғлик аҳамият қаратилмоқда? – БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос равишда, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, адвокатура институтининг мавқеини кескин ошириш, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва адлия тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб қўйилган. Мазкур Стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар қабул қилинди. Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда дунёда содир бўлаётган чуқур сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар даврида Янги Ўзбекистонда тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, халқимиз фаровонлиги ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти учун умумий муаммоларни ўзаро мулоқот, маданий-цивилизациявий, миллатлараро ва динлараро ўзаро ҳамкорлик орқали ҳал этишга интилмоқда. Мамлакатимиз халқаро ташкилотлар доирасида халқаро нормаларни яратиш жараёнида фаол иштирок этмоқда.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди
- Қўшилди: 11.10.2024
- Кўришлар: 595
- Чоп этиш