2024 йил 18 октябрь куни Россия пойтахти Москва шаҳрида шу мавзуда “Рақамли асрда ҳуқуқ” туркумининг XIII Халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Видеоконференция алоқа тарзида ташкил этилган анжуман ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди ва маъруза қилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ахборот технологиялари жадал ривожланиб, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига жорий этилмоқда. Агар жорий йил бошида мамлакатимизда рақамли хизматлар ҳажми 21 триллион сўмдан ошган бўлса, йил охирига келиб бу кўрсаткич 43 триллион сўмга етиши кутилмоқда. IT-парклар резидентлари сони 2 минг нафардан ошди. Ушбу йўналишда фаолият юритаётган ёш мутахассислар сони эса 32 минг нафарга етди.
Соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш каби соҳаларда рақамлаштириш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бироқ, шу билан бир қаторда, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмоқда. Бу эса соҳани тартибга солиш учун қонунчилик базасини яратишни тақозо этяпти.
Президентимизнинг 2021 йилдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Сунъий интеллект технологияларини ўрганиш ва жорий этиш чора-тадбирлари дастури” ҳамда бу борада устувор йўналишлар бўйича синов лойиҳалар рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 октябрдаги қарори асосида Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинди.
А.Саидов ўз чиқишида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг юқорида кўрсатилган ва бошқа ҳуқуқий асослари, бу борадаги Ўзбекистон тажрибасига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, “сунъий интеллект”, “кибер зўравонлик” ва “кибербуллинг” тушунчаларини, рақамли тафовут, онлайн муҳитда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва камситмаслик, маданий хилма-хилликни сақлаш тамойилларини қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйиш ҳамда “инсоннинг рақамли ҳуқуқлари” тахминий рўйхатини белгилаш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди.
Анжуман давомида иштирокчилар сунъий интеллектни ривожлантириш учун қулай муҳитни сақлаш, интернетда контент яратиш учун сунъий интеллектдан фойдаланишнинг амалий ва ҳуқуқий жиҳатлари, сунъий интеллектни ўқитиш учун маълумотларнинг фойдаланиш учун очиқлиги ва хавфсизлиги, генератив сунъий интеллект туғдирадиган хавф ва таҳдидлар ҳамда бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Конструктив руҳда ўтган анжуман якунлари бўйича соҳани ривожлантириш ва ҳуқуқий тартибга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.10.2024
- Кўришлар: 626
- Чоп этиш