Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ

25 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуда маҳорат дарси ташкил этилди.  Унда Тошкент давлат юридик университети “Хусусий ҳуқуқ” факултетининг  2-босқичида таҳсил олувчи 90 нафар талаба иштирок этди.

Машғулот Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ҳамда 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилди. Маҳорат дарсида бўлажак ҳуқуқшунослар Миллий марказнинг юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, инсон қадр-қимматини янада ошириш борасида олиб бораётган фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Ф.Ҳайитбоев тадбирни кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларга Миллий марказнинг ташкил этилиши, асосий фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг талабаларга Миллий марказ фаолиятига оид видеоролик тақдим этилди.

Миллий марказ директорининг ёрдамчиси О.Аҳмедов Миллий марказнинг халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари билан ҳамкорлиги, миллий маърузаларни тайёрлаш ҳамда БМТ қўмиталарига тақдим этиш механизмлари ҳақида сўзлади.

Шунингдек, Миллий марказ ходимлари Д.Раҳматжонова, Н.Султонов ва А.Муҳримбоев гендер тенглик, инсон ҳуқуқларига оид халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалалари, хорижий экспертларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир тавсиялари билан ишлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида миллий ва халқаро даражадаги ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари хусусида батафсил ахборот бердилар.

         Тадбир қизиқарли баҳс-мунозараларга бой бўлди. Талабалар соҳа юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech