1 октябрь – Халқаро кексалар куни
Доно халқимиз: “Инсон – ғанимат”, дейди. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик доим барқарор бўлади.
Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасида “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир” ояти зикр этилгани бежиз эмас. Кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Шу маънода, 1 октябрь – Халқаро кексалар куни мамлакатимизда янада кенг ва сермазмун нишонлангани табиий. Маълумки, ушбу халқаро сана 1990 йил 14 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 45-сессиясида таъсис этилган. Шунингдек, бу борада:
- 1982 йили Кексалик муаммолари бўйича Вена ҳаракатлар режаси;
- 1991 йили БМТнинг Кексаларга муомала-муносабат принциплари;
- 1992 йили Кексалик муаммолари бўйича декларация;
- 2002 йили Кексалик муаммолари бўйича Мадрид ҳаракатлар режаси қабул қилинган.
Айниқса, охирги халқаро ҳужжат XXI асрда аҳоли ёшининг кексайиб бориши муаммосига ечим топишда том маънодаги дастуриламал бўлди. Зотан, бугунги кунда ривожланган давлатлар аҳолиси таркибининг 25 фоизи кекса авлод вакилларидан иборат ва ушбу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда 2015-2030 йиллар оралиғида 60 ёшдан ошган инсонлар сони 901 миллион нафардан 1,4 миллиард кишига ортиши мумкин. Бу рақам 2050 йилда 2 миллиард нафарни, яъни ер юзи аҳолисининг 20 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.
Кейинги йилларда инсоният бошига ёпирилган COVID-19 пандемияси билан боғлиқ турли офатлар инсонлар ўртасида шусиз ҳам омонат бўлиб турган гендер тенгликни бадтар танг ҳолга солиб қўйди. Чунки коронавирус инқирози ижтимоий-иқтисодий, экологик, тиббий ва иқлим билан боғлиқ муаммоларнинг қариялар, айниқса, кекса аёллар ҳаётига салбий таъсирини кучайтириб юборди.
Аҳоли таркибида кекса ёшлилар сони ортиб бораётган ҳозирги шароитда қариялар жамият ҳаётида ўзларининг фаол иштирокини давом эттира олишлари учун уларни парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимлари принципиал аҳамиятга эгадир. БМТ Бош котиби 2024 йил 1 окктябрь – Халқаро кексалар куни муносабати билан берган баёнотида шундай деб таъкидлади.
Аммо кексалар кўпинча зарур ёрдамларни олиш имконига эга бўлмаяпти, ўз навбатида, бундай воқелик уларнинг янада ночор ҳолга тушиб қолишига сабаб бўлмоқда, дейилади БМТ Бош котиби баёнотида. Янада ачинарлиси, етишмовчиликлардан қийналаётганларнинг аксарият қисми кекса аёллар бўлиб, улар асосан ўз яқинларини парвариш қилиш билан боғлиқ ҳақ тўланмайдиган юмушларга машғул.
Парваришга муҳтожларнинг ва парвариш билан машғул шахслар ҳуқуқларининг бирдек эътироф этилиши жамият ҳаёти барқарорлигини ошириш учун жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан, Антониу Гутерриш дунё мамлакатларини кексаларни парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимларини мустаҳкамлаш бўйича ўз зиммаларига қатъий мажбурият олишга чорлагани бежиз эмас. Чунки шу йўл билан ёши улуғларимиз ва уларга ғамхўрлик кўрсатаётган меҳрибон кишиларнинг қадрини жойига қўйиш мумкин бўлади.
Афсуски, БМТ мутахассислари тайёрлаган ҳисобот хулосалари биз яшаб турган ва тобора глобаллашиб бораётган дунёда ҳамма ҳам бирдек бағрикенг ва нуронийпарвар эмаслигини кўрсатмоқда. Сайёрамиз аҳолисининг тенг ярми, бошқача айтганда, заминдош ва замондошларимизнинг ҳар икки нафаридан биттаси кексаларга нисбатан салбий муносабатда экан.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, кексаларнинг мавжуд эҳтиёжлари ва аниқ муаммоларини ҳал этишга эътиборни янада оширишни тақозо этади. Шунингдек, аксарият ёши улуғ инсонларга зарур шароитлар яратиб берилса, улар ҳали ҳам жамият ҳаётига фойда келтиришда давом этиши билан боғлиқ имкониятларни ҳисобга олиш талаб этилади.
Бундай саъй-ҳаракатларнинг негизида, албатта, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш мезонлари мужассам. Нега деганда, дунёнинг айрим манзилларида бу борадаги аҳвол шундайки, ишхоналарда навқирон ходимларга яратилган имтиёз ва енгилликлардан кўпинча ёши улуғ инсонлар маҳрумдир.
Ишчи-ходимларнинг ўқиш-ўрганиш ва малака ошириш имкониятлари ёши ўтган сари кескин камайиб боради. Энг ёмони, ёш ва жинсга боғлиқ камситишлар, хусусан, эйджизм иллати кексаларнинг аҳволини янада мураккаблаштирмоқда.
Эйджизм – инсонни ёш белгиси бўйича камситиш ҳолатини ифодалайдиган халқаро тушунча. Бу ҳақда фикр юритганда, танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслик керак.
Гап шундаки, эйджизмдан ёшларнинг ўзлариям азият чекмоқда. Бунда, албатта, тиббий хизматдан фойдаланиш, турар-жойга эга бўлиш ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш каби масалаларда ёши улуғларнинг қўли устунроқ экани назарда тутилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари эйджизм иллатига қарши фаол кураш олиб бориш зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас. Бинобарин, инсоннинг ёшига қараб ёндашув борасида илдиз отган номақбул муносабатлар инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкинлигидан ҳамиша огоҳ бўлиш зарур.
Шу нуқтаи назардан, кексаларни қадрлаш учун бундан 34 йил илгари алоҳида бир куннинг жаҳон кўламидаги байрам санаси сифатида расман белгилаб олинганидан асосий мақсад навқирон авлодга нуроний отахону онахонларимиз доимо алоҳида ғамхўрлик, меҳр-муҳаббат ва парваришга муҳтожлигини эслатиб туришдир.
Бу фоний дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Ҳозирги ёшлар ҳам бир куни кексалик остонасидан ҳатлаб, изларидан келаётган янги ёш авлодга жой бўшатадилар.
Кексалик даври – болалик ва ёшлик даврлари каби ҳаётнинг табиий ҳамда узвий босқичидир. Биргина фарқ шундаки, инсон болалик ва ёшлик йилларида куч-қудрат ҳамда азму шижоатга тўла бўлса, аксинча, кексалик даврида жисмоний фаолият мезони камайиши ва куч-қудратнинг заифланиши билан юзма-юз келади.
БМТ томонидан ҳар йили Халқаро кексалар куни доирасида қарияларни ҳимоялаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида турли фестиваль ва танловлар ўтказилади. Қолаверса, жаҳон миқёсида нуронийлар ҳаётини яхшилашга қаратилган БМТнинг Кексалик муаммолари бўйича мақсадли жамғармаси ҳам фаолият кўрсатиб турибди.
Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, кексаларимизга ғамхўрлик кўрсатиш масаласи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 46-моддасига мувофиқ:
“Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.
Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”.
Ўз навбатида, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш кўзда тутилган. Нуронийларни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасидаги тадбирлар қамрови камида 30 фоизга оширилгани ҳам таҳсинга лойиқ.
Шунингдек, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да ҳам айни йўналишдаги муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Буларнинг барчаси мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолатдир.
Албатта, бунга қадар Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши – инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини, хусусан, кексаларни қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўп хайрли ишлар қилинди. Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам берилди, қийинчилик ва синовлар баҳамжиҳат енгиб ўтилди.
Айниқса, 2021 йил 25 мартда қабул қилинган Президент Фармони асосида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини яхшилаш чоралари кўрилди. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват уйлари”, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди.
Яна бир муҳим далил: кейинги йилларда Мустақиллик байрами арафасида Президент Фармони асосида юртимизнинг турли ҳудудларидан бизга Яратгандан куч ва мадад тилаб турган, ҳар бир ишда дуогўй муҳтарам отахон ва онахонларимизнинг 100 ёшдан ошган 14 нафарини давлат мукофоти – «Шуҳрат» медали билан тақдирлаш яхши анъанага айланди.
Хулоса қилиб айтганда, Халқаро кексалар куни тадбирлари доирасида бундай эзгу амалларнинг кўлами янада кенгайди. Меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини тақдирлаш ва нафақага кузатиш амалиёти жорий этилди. Корхона ва ташкилотларда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар хонадонларида бўлиб, уларни байрам билан қутлаш баҳонасида ҳолларидан хабар олинмоқда.
Таълим муассасаларида Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда Халқаро кексалар куни муносабати билан фахрий устозлар таклиф этилиб, улар учун байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 04.10.2024
- Кўришлар: 769
- Чоп этиш