Миллий марказда БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари ёрдамчиси билан учрашув

6 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари ёрдамчиси Рувендрини Меникдивела билан учрашди.

Учрашувда БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича минтақавий директори Хай Кюн Жун, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Думитру Липкану, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги дастурий таъминот бўлими мутахассиси Бота Максат иштирок этди.

Суҳбат аввалида Миллий марказ директори А.Саидов БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик изчил давом этаётганини қайд этди. Қўшма чора-тадбирлар режаси доирасида 2024 йилда фуқаросизликнинг олдини олиш ва қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича тадбирлар ташкил этилгани таъкидланди.

Ўз навбатида, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари ёрдамчиси Р.Меникдивела Ўзбекистон ҳукуматига фуқаросизлик муаммоларини ҳал этишга қўшган салмоқли ҳиссаси учун чуқур миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, "Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатлари минтақавий барқарорлик ва аҳолининг заиф тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга муҳим ҳисса қўшмоқда".

Олий комиссар Бошқармасининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича минтақавий директори Хай Кюн Жун Термиз шаҳри Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун муҳим логистика марказига айланаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон афғон аёллари ва қизлари учун таълим ташаббусларини қўллаб-қувватлаётганини юқори баҳолади.

Олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Думитру Липкану Қозоғистонда қочоқлар ҳуқуқлари бўйича онлайн курсларни жорий этишнинг ижобий тажрибаси билан ўртоқлашди. Шундай курсларни йўлга қўйиш учун Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда томонлар истиқболда қочоқлар ҳуқуқлари ва фуқаросизликни камайтириш соҳасидаги қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш учун хизмат қиладиган 2025-2030 йилларга мўлжалланган қўшма "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Бўлажак "Йўл харитаси" доирасида Миллий марказнинг "Инсон ҳуқуқлари уйи" ахборот-ресурс марказини қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича долзарб нашрлар билан тўлдириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва қочоқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар асосида онлайн курслар ва ўқув материалларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Учрашув якунида БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси вакиллари Ўзбекистоннинг Фуқаросизлик муаммосини бартараф этиш бўйича глобал альянсга қўшилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилдилар.

Мулоқот ўзаро ҳурмат ва ишчанлик руҳида ўтди. Томонлар минтақавий барқарорликка ва аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга муҳим ҳисса қўшадиган фуқаросизликни камайтириш ва қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган умумий мақсадларга эришиш учун ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech