Тарихдан маълумки, диний бағрикенглик тамойили устувор жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топади. Инсонлар осойишта ҳаёт кечиради. Тинчликсиз тараққиёт, фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз барқарорликкка эришмоқ иложсиз.
1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг Бағрикенглик тамойии тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган. БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён мазкур сана ҳар йили бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланади.
Юртимизда бу анъанага 2019 йил 15 ноябрда, Президентнинг “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан асос солинган.
Бағрикенглик бир-бирини англаш, тушуниш ва қабул қилиш демакдир. Ер юзидаги турфа маданиятга ҳурмат билан ёндашишга ҳам шу таъриф берилади. Билим, самимият, виждон ва эътиқод уйғунлиги натижасида юзага келадиган бу тушунча фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий, ҳуқуқий эҳтиёж ҳам саналади. Энг асосийси, бағрикенглик туфайли тинчлик таъминланади, турли низо, урушлар келиб чиқишининг олди олинади.
Диёримизда фуқаролар тотувлиги, барқарорлиги, турли миллат вакиллари тинчлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлаш, ватандошларимиз онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида кўплаб самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил Республика байналмилал маданият маркази ва дўстлик жамиятлари негизида Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган 16 диний конфессия, 135 дан зиёд миллат ва элат вакиллари, 153 миллий маданий марказ, 40 га яқин мамлакатлар билан дўстлик жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистонда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, динлараро ҳамжиҳатликни қўллаб-қувватлаш, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, барча ҳуқуқ ва имкониятни яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Кўп миллатли республикамизда ўзбеклар асосий этник гуруҳни ташкил қилади. Шу билан бирга рус, қорақалпоқ, татар, қозоқ, тожик каби кўплаб миллат вакиллар ҳам яшайди. Уларнинг бари Конституцияда кафолатланган тенг ҳуқуқлардан фойдаланади. Қомусимизнинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликкга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизда бағрикенгликнинг яна бир муҳим жиҳати – жамиятдаги ижтимоий захира ва қоидалар тенг тақсимлангани. Ижтимоий адолат ва тенгликка интилиш, турли этник гуруҳлар ҳуқуқи ҳурмат қилиниши ёрдамга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш талабига жавоб беради. Бу жамиятдаги тинчлик, тотувликни сақлашга кўмаклашади. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан миллий ва этник бағрикенгликка асосланган муносабати ҳар қандай сиёсий ёки иқтисодий муаммоларга қарамай, жамиятлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Бағрикенгликни таъминлашда таълим тизими ҳам муҳим ўрин тутади. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда таълим ислоҳоти орқали ўқув жараёнида миллатлараро ҳамжиҳатлик, эътиқод ва маданиятлар ўртасидаги ҳурматга асосланган тарбия беришга алоҳида аҳамият берилади. Шунингдек, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, миллатларнинг тили, маданияти, урф-одатини асраб-авайлаш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини юксалтириш, ўғил-қизлар қалби ва онгида мафкуравий иммунитет шакллантиришдан иборат.
Ўзбекистонда этник ва миллий камситишга қарши қонунчилик базаси мавжуд. Миллий ва этник камситишга йўл қўймаслик, қонун асосида шундай ҳолатларга қарши курашиш учун алоҳида механизм ишлаб чиқилган. Шунга қарамай, ижтимоий адолат ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган қонун амалиётини янада мустаҳкамлаш талаб этилади.
Модернизация ва трансформация жараёнида мамлакат аҳолисининг маънавий-маданий эҳтиёжи ҳам ўзгармоқда. Айни жараёнда этник ва маданий бағрикенгликни сақлаш ҳамда кўпроқ универсал қадриятларни тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Масалан, ҳар бир миллат ёки этник гуруҳ учун ўзига хос маънога эга Наврўз байрами миллатлараро ҳамжиҳатликнинг олий намунасидир.
Маданият ва санъат ҳам бағрикенгликни таъминлашда муҳим восита. Миллий адабиёт, мусиқа ва ранг-тасвирда турли миллат, элат, этник гуруҳлар ҳаёти ва тафаккури акс этади. Турли тадбир, анжуман, санъат кўргазмаларида барча миллатлар ўртасидаги ижтимоий-маданий бағрикенглик тарғиб этилади. Бу мамлакатда тинчлик, барқарор, тараққиёт учун мустаҳкам асос яратиб, ҳар бир фуқаро фаровон ҳаёт кечиришига ёрдам беради. Ўзбекистонда шу тариқа – санъат, дин, маданият, адабиёт ва таълим тизими орқали бағрикенглик концепцияси шакллантирилади, диний барқарорлик, конфессиялараро самимий ва дўстона муҳит вужудга келтирилади. Асосийси тинчликнинг барқарорлиги таъминланади.
Бу борада маданиятлараро алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, туризм орқали халқаро миқёсда миллий ва этник бағрикенгликни тарғиб қилиш имконияти мавжуд: мамлакатга келган хорижий меҳмонлар ва мамлакат аҳолиси орасида маданий алмашинув, ўзаро англашни мустаҳкамлашга эришилади.
Ўзбекистонда маданиятлараро ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб ташаббуслар мавжуд. Маданиятлар ва динлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат тинчлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади. Масалан, мамлакатда христианлар, яҳудийлар ва бошқа динларга эътиқод қиладиганлар ўз қадриятини эркин амалга ошириши мумкин. Шу билан бирга, юртимизда диний бағрикенгликни таъминлаш мақсадида, узвий ҳамкорликда, диний ташкилотлар фаолияти мунтазам кузатиб, таҳлил қилиб борилади. Айни йўналишдаги ташаббуслар ҳар бир инсоннинг диний эркинлигини таъминлаш, турли жамоалар орасида ўзаро ҳурматни кучайтиришга ёрдам беради.
Диний бағрикенглик ҳамиша адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган ҳолда, турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлиши, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик шаклланишига йўл очган. Бу эса, ўз навбатида, тинчлик ва тараққиёт таъминланиши, умуминсоний маданият ва маънавият кенг ривожланишига хизмат қилган.
Жамиятдаги бағрикенгликни сақлашда оиланинг ҳам роли катта. Оила мустаҳкамлиги, хонадондаги тўғри тарбия жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, миллий хавфсизлиги, равнақи, тараққиётини белгиловчи ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Бу ёшлар ўртасидаги ҳурмат ва қадр-қиммат, турли миллатларнинг ўзаро муносабатларига ҳам таъсир кўрсатади. Шунингдек, ёшларда бағрикенглик маданиятини шакллантириш орқали давлатни мустаҳкамлаш, хавфсизликни муҳофаза қилиш, уларда жамият тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш масъулиятини кучайтириш, айниқса ўғил-қизларни миллий қадриятлар асосида ҳаётга тайёрлаш мумкин.
Хулоса шуки, бағрикенглик нафақат жамиятнинг тинчлиги, балки ривожланиши учун асосий омиллардан биридир. Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида, аввало, инсоннинг манфаати, қадр-қиммати, жамиятда ҳуқуқ ва эркинликни таъминлаш мақсади мужассам. Зеро, фуқаролар манфаатини фақат тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш орқали таъминлаш мумкин.
Ўзликни англаш муайян миллатнинг реал куч сифатида намоён бўлишида асосий омиллардан биридир. Ўзлигини англаган миллат вакиллари ўзаро манфаат ва мақсад муштараклиги моҳиятини тушунади ва мустаҳкам бирликка асос солади. Шундай миллатгина ўз қадр-қиммати, обрў-эътибори, ор-номусини ҳимоя қилиш, тараққиёт йўлида учрайдиган қийинчиликларни енгиб ўтиш учун бирлаша олади. Шунинг баробарида ўзга миллатлар манфаати мавжудлигини ҳам англайди, ихтилоф ва низоларга олиб келувчи ҳатти-ҳаракатдан тийилади.
Севара Ишмуратова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
ЎзА
- Қўшилди: 18.11.2024
- Кўришлар: 240
- Чоп этиш