20 декабрь куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллиги: тарих, ҳозирги кун ва келажак” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Академик А.Саидов “БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини бажариш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги маърузасида эътироф этганидек, ушбу Конвенциянинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари, адолат ва ҳар бир шахснинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш ишига умумбашарий содиқликнинг беқиёс тимсоли ҳисобланади. Конвенция қийноқлар ҳеч қачон ва ҳеч қаерда оқланиши мумкин эмаслигини бутун жаҳон миқёсида шоён этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февралда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, “Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир”.
Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси қоидаларини амалга ошириш борасида ибратли тажрибага эга. Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 26-моддасида: “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас”, деган норма мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлаш лозим. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Фуқаролик кодекси каби қонунчилик ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Яна бир муҳим жиҳат – институционал ислоҳотлар билан боғлиқ. Гап шундаки, Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этиш жойларини мониторинг қилишнинг кўп поғонали тизимига асос солинган. Бу ўринда 2016 йилдан бошлаб Янги Ўзбекистонда қийноқларга қарши кураш бўйича механизмларни тубдан такомиллаштиришга киришилганини қайд этиш мақсадга мувофиқ.
Бунда, айниқса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузурида “Қийноқларнинг олдини олишга қаратилган миллий превентив механизм” яратилгани жуда муҳим. Ушбу механизм бугунги кунда айни муаммога қарши тизимли кураш олиб боришнинг ҳал қилувчи воситасига айланди.
Қийноқларнинг олдини олишга қаратилган миллий превентив механизмнинг асосий вазифаси бу борада мавжуд тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат бўлиб, унинг фаолиятига хос мустақиллик ва шаффофлик тамойиллари бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни механизм фаолиятига фуқаролик жамиятининг жалб этилаётгани ҳам диққатга лойиқдир.
Мамлакатимиздаги озодликдан маҳрум этиш жойларини мониторинг қилиш ҳуқуқи Болалар Омбудсмани, Бизнес-Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга ҳам берилган. Бундай янгича ёндашувлар қийноққа солиш, зўравонлик, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ёхуд жазони қўллашга қарши курашиш тизимини имконияти ҳамда салоҳиятини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Янада муҳими, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва қийноқларга қарши кураш борасида ўқитиш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Бунда, жумладан, 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим миллий дастури қабул қилингани муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда қийноқларга қарши кураш борасида парламент мониторинги ва жамоатчилик назорати механизмлари янада мустаҳкамланмоқда. Бу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик муносабатлари ҳам ўз натижаларини бермоқда.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган даврда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига бешта даврий ҳисобот тақдим этган бўлиб, энг охирги миллий маъруза 2023 йилда тақдим этилди. Айни вақтда ушбу йўналишда халқаро ҳамжамият билан амалий мулоқотни изчил давом эттириш мақсадида БМТнинг Қийноққа солиш, зўравонлик, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ёхуд жазони қўллашга қарши курашиш масалалари бўйича махсус маърузачиси мамлакатимизга ташриф буюриши учун расмий таклифнома юборилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.12.2024
- Кўришлар: 197
- Чоп этиш