14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
“Халқ ва армия – бир тану бир жондир”.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Янги Конституциямизнинг 64-моддасига биноан: “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”.
Ушбу норма Ўзбекистон фуқаролари бажариши керак бўлган олтита бурчнинг биттасидир. Ҳар бир шахс ҳуқуқлари таъминланган жамиятда яшаш билан бирга, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ҳам ўз бўйнига олади.
Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари – мамлакатни ташқи тазйиқлардан ҳимояловчи куч, сарҳадлар дахлсизлигини таъминловчи восита ва бир пайтнинг ўзида инсон ҳуқуқлари барқарорлигини таъминлашда таянч ҳамдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1992 йил 14 январда “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарорларни қабул қилди. Ушбу қарорларга мувофиқ, собиқ совет қуролли кучларининг юртимиз ҳудудидаги қисмлари, бирлашмалари, ташкилотлари, қўшилмалари, ҳарбий ўқув юртлари ва бошқа ҳарбий тузилмалари қонуний тарзда Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига олиниши белгиланди.
Шу маънода, 1993 йил 29 декабридаги “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилинди.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон Қуролли Кучлари тўлиқ жанговар шайликда. Армиянинг ҳарбий-техник тайёргарлиги йилдан-йилга такомиллаштириб борилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам Қуролли Кучларнинг қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада оширишга оид бир қанча муҳим ишлар ўрин эгаллаган. Қуролли Кучларнинг рақамли салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини мунтазам равишда такомиллаштириш каби мақсадларга эришиш шулар жумласидандир.
Мамлакат ҳарбий қудрати жиҳатдан Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари ўртасида етакчилардан ҳисобланади. Ҳар йили минглаб йигитлар ҳарбий хизматни ўтамоқда ва Ўзбекистон армияси захирасини тўлдирмоқда. Бинобарин, Конституцияда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга.
Буюк Амир Темур бобомиз айтганларидек, ғалаба тақдирини аввало қўшиннинг жанговар руҳи ва тайёргарлиги, маънавий қудрати ва мустаҳкам иродаси ҳал қилади. Янги Ўзбекистон аскарлари руҳиятида Ватанга садоқат ва она юртга меҳр-муҳаббат туйғулари ҳамиша жўш уриб турибди.
Дунёда рўй бераётган кескинликлар ва ҳарбий тўқнашувлар инсонларни ҳар лаҳзада огоҳликка чорлайди. Маълумки, ҳарбий ҳаракатлар даврида энг кўп жабр кўрувчилар оддий аҳоли – аёллар, болалар ва қариялардир.
Давлатимиз раҳбари, Олий Бош қўмондон Шавкат Мирзиёев қайд этганларидек, жаҳонда юзага келган ҳозирги мураккаб вазиятда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини, унинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, энг қимматли бойлигимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини барчамиз албатта чуқур англаймиз. Тинчликни сақлаб туришнинг ўзи ҳам катта куч ва харажатларни талаб қилади.
Фуқароларнинг кўчаларда хотиржам юриши, байрамларимизнинг хурсандчиликлар билан ўтиши, умуман, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳеч бир тўсиқларсиз амалга ошириши замирида ҳарбийларимизнинг тун-у кун Ватан чегараларида сергак турганлиги сабабдир.
Бугун ушбу санани байрам сифатида нишонлаб келаётганимизга 33 йил тўлади. Янги Ўзбекистон бу кунни фахр, иштиёқ ва ғурур билан кутиб олишга тайёрланмоқда. Бугунги кунларга етиб келгунча Ўзбекистон не-не қийин даврларни бошидан кечирди.
Мустақил мамлакатимиз илк ривожланиш даврида турли ғайри кучлар тазйиқига учради. Ғаним тинчлигимизга рахна солиб турган пайтда ҳарбийларимиз ўз жасорати ва матонатини тўла намоён қила олди. Мукаммал ҳарбий тайёргарлик, жанговар руҳга эга мард аскарларимиз ҳар қадамда халқимизнинг беқиёс куч-шижоати ва метин иродасини ўзида намоён этиб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугун биз Ватанимиз тинчлиги, хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда ишончли посбон бўлиб турган шонли армиямиз ташкил топган кунни шарафлаб, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ саркардаларимиз ва ёвқур аскарларимизнинг жасоратини яна бир бор ёдга оламиз. Зеро, Ватан ҳимоячилари куни – шунчаки байрам эмас, балки жонажон халқимиз тинчлиги ва осойишталигини асраб-авайлашга, она юртимиз мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилишга ундовчи қутлуғ санадир.
Оғабек АБДУРАСУЛОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг биринчи тоифали иш юритувчиси
- Қўшилди: 10.01.2025
- Кўришлар: 695
- Чоп этиш