Тошкент телеминораси – 40 ёшда
Тошкент телеминораси томоша майдони ташриф учун очиқ бўлган Марказий Осиёдаги энг баланд иншоот ҳисобланади. Унинг бўйи – 375 метр бўлиб, МДҲ давлатлари орасида иккинчи ўринда туради.
Эътибор беринг: Тошкент телеминораси очилганидан кейин 1991 йилгача дунёдаги учинчи энг баланд минора саналган. Дунё миқёсида минораларнинг баландлиги бўйича ҳозирги рўйхатда Тошкент телеминораси 12-ўринни эгаллаган.
Бугун Тошкент телеминораси фойдаланишга топширилганига роппа-роса 40 йил тўлди. Ушбу иншоот 1985 йил 15 январда ишга туширилган. Ўтган даврда у нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамизнинг муҳим меъморий рамзларидан бирига айланиб улгурди.
Тарихий манбаларга кўра, 1971 йил 1 сентябрда Ўзбекистон Алоқа вазирлиги тасарруфида Тошкент радиотелевизион узатиш маркази қурилиш дирекцияси ташкил этилган. Шундан сўнг, қисқа муддатда янги телеминора лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Лойиҳани тайёрлашга синчковлик билан ёндашилиб, у бир неча бор қайта-қайта ўрганилган ва синовлардан ўтказилган. Сабаби, бундай баландликдаги иншоот қурилиши ҳали тажрибада бўлмаган эди. Шу тариқа телеминора қурилиши расман 1978 йилда (баъзи манбаларда – 1981 йилда) бошланган.
Осмонўпар иншоотни бунёд этиш жараёни қарийб 6 йил давом этган. Айтишларича, бунда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги биринчи раҳбари Шароф Рашидовнинг ўрни катта бўлган. Бунинг учун у шахсан Леонид Брежневга, яъни республикамизни ўзида қамраган собиқ СССР давлати раҳбарига қўнғироқ қилиб, шундай қиммат, аммо стратегик объектга нисбатан заруриятни асослаб беришига тўғри келган.
Телеминора қаватлари бўйлаб сайр этиш учун қулай имкониятлар мавжуд. Швейцарияда ишлаб чиқарилган “Счиндлер” русумидаги учта лифт меҳмонлар хизматида бўлиб, уларнинг тезлиги – сониясига қарийб 5 метрни ташкил этади. Томоша майдонида эса 30 марта катталаштириб кўрсатувчи дурбин бор.
Минора фойесида жаҳоннинг турли мамлакатларида жойлашган телеминоралар макетларини томоша қилиш мумкин. Бу ерда бемалол суратга ва видеога тушиш, турли эсдалик совғаларни харид қилиш учун шароитлар муҳайё.
Томоша майдонидан бир қават баландда платформаси айланиб турадиган “Коинот” ресторани жойлашган. Ресторан 105 метр баландликда бўлиб, телеминора ўқини ҳар 45 дақиқада бир марта айланиб чиқади. Бу масканда мазали таомларни тамадди қилиб, жозибали мусиқа оҳангларидан завқ олиш учун нафақат юртдошларимиз, балки хорижий меҳмонлар ҳам мунтазам келиб туришади.
Мухтасар айтганда, Тошкент телеминораси нафақат телекоммуникация хизматларини кўрсатиш, балки мамлакатимизнинг сайёҳлик марказларидан бири сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унинг ресторан ва замонавий инфратузилмаси, шунингдек, кузатиш майдончалари ҳайратомуз манзаралари билан ҳар йили минглаб сайёҳларни ўзига жалб этади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 15.01.2025
- Кўришлар: 100
- Чоп этиш