Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли

24 январь – Халқаро таълим куни

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда янги таҳрирдаги Конституциямиз, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида мамлакатимиз таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларида салмоқли ва кўламдор ишлар амалга оширилмоқда. Айни омил, шубҳасиз, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори Янги Ўзбекистонда ҳам таълимни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётганидан, янада муҳими, ушбу йўналишда изчил натижаларга эришилаётганидан далолат беради.

БМТ Бош Ассамблeясининг 2018 йил 3 дeкабрдаги рeзолюциясига мувофиқ, 24 январь – Халқаро таълим куни дeб эълон қилинган. Бу муҳим қарор халқаро ҳамжамият томонидан таълимнинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги аҳамияти нечоғлик юксак эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир. Бундан кўзланган мақсад:

  • инсониятнинг илм-маърифатга ташналигини эътироф этиш;

  • дунё давлатлари ҳукуматлари ва жамиятлари эътиборини таълим соҳасида мавжуд муаммоларга қаратиш;

  • жумладан, саводсизликни бартараф этиш, турли минтақаларда яхлит таълим дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби устувор масалалардан иборат.

Аслида, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

Афсуски, кейинги даврда Интернет орқали ижтимоий тармоқларда тобора кенг тарқалаётган нафрат тили калтабинлик ва камситиш каби иллатларга таянган ҳолда, одамларни тажовузкорликка гижгижламоқда ҳамда зўравонликни одатий воқелик сифатида қабул қилишга кўндириш учун уринмоқда. Бутун дунёда турли низо ва зиддиятларнинг кучайиб бораётгани эса нафрат тили ёқаётган тажовузкор гулханнинг янада алангаланишига туртки бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан, ўтган йилги Халқаро таълим куни нафратомуз ифода услуби билан боғлиқ муаммоларга бағишлангани муҳим аҳамият касб этди. Бинобарин, нафрат тили ва нафратомуз ифода услуби билан боғлиқ муаммоларга қарши курашнинг энг самарадор воситаси – таълимдир.

Шунинг учун ҳам, жаҳон жамоатчилигининг эътибори таълим инсониятга нафрат тилининг янада чуқур илдиз отиб кетишига барҳам берадиган бир қатор муҳим имкониятларни тақдим этишига қаратилмоқда. Хусусан, офлайн ва онлайн таълим ёрдамида неча миллионлаб ўқувчи-талаба ёшларимизни нафрат тилининг зиёнкорлиги ва унинг ҳар хил усул ҳамда турларидан ўз вақтида воқиф этиш мумкин.

Янада муҳими, таълим навқирон инсонларнинг шахс сифатида шаклланиши ва ўзга маданиятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбия олиши учун хизмат қилади. Бинобарин, ЮНЕСКО томонидан 2023 йилда чоп этилган “Таълим воситасида нафрат ҳиссини гижгижлашга қарши курашиш” номли раҳбарий қўлланмада айни соҳада давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаш юзсидан мамлакатлар ҳукуматларига муҳим амалий тавсиялар берилганини таъкидлаш айни муддаодир.

Шу нуқтаи назардан, бутун дунёда пандемия инқирози оқибатлари туфайли таълим соҳасида кўплаб муаммоли вазиятлар кузатилаётган мураккаб бир даврда Ўзбекистонда ёш авлоднинг таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида диққатни тортади. Мамлакатимизда болалар ва ёшларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ҳамда улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш жараёнлари “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” ғояси асосида тубдан такомиллаштирилаётгани бу фикрнинг амалий ифодасидир.

Ўзбекистон Президенти эътироф этганидек, “Бугун биз мамлакатимизда миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўз қобилияти ва истеъдодини, билим ва тажрибасини рўёбга чиқара оладиган ижтимоий давлат барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда барча куч ва имкониятларимизни ёшларимизнинг интеллектуал ва жисмоний камолоти, уларнинг сифатли таълим олиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун сафарбар этмоқдамиз”.

Айни масъулиятли жараёнда, бир томондан, БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз ушбу нуфузли ташкилотнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг экани эътироф этилгани диққатга сазовор. Иккинчи томондан, 2023 йили янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари қаторига киритилгани ҳар биримизга фахру ифтихор бағишлайди.

 Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки давлатимиз ва жамиятимиз бутун эътиборини Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратмоқда. Президентимиз уқтирганидек, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”.

Шу негизда, авваламбор, юртимизда мактабгача таълим муассасаларида мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, у билан ғурурланиш ҳиссини уйғотиш, дунёқарашини кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Зеро, биз фарзандларимизни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз.

Шу негизда ўтган 2024 йил давомида мамлакатимиз миқёсида 4 минг 644 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди ва бунинг натижасида қўшимча 170 мингдан ортиқ бола ўрни яратилди. Болаларни мактабгача таълимга қамров даражаси 76 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов қамрови 96 фоизга етказилди.

Янада муҳими, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланди. Бу ишлар тизимли йўлга қўйилиб, замонавий  мактаблар қурилмоқда, янги дарсликлар нашр этилмоқда, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил этилмоқда.

Бутун дунёда иқтисодиётни ривожлантиришда профессионал таълим алоҳида ўрин тутади. Бу муҳим воқеликни биргина рақам – тараққий этган давлатларда ўқувчиларнинг 75 фоизигача касбий таълим билан қамраб олинганлиги  ҳам аниқ тасдиқлаб турибди.

Шу жиҳатдан, 2024 йилда касб-ҳунарга ўқитиш амалиёти жорий этилган мактаблар сони 289 тага, янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар сони 1 минг 500 тага, иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактаблар сони 354 тага етказилгани жуда муҳим.

Мактабларда хорижий тилларни оммалаштириш мақсадида хорижий давлатлардан 500 нафар чет тили фани ўқитувчилари жалб этилди. Тил билиш бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга хорижий тил ўқитувчиларининг сони 29 минг нафардан оширилди.

Инклюзив таълим жорий этилган мактаблар сони 947 тага етказилиб, унга 2 минг нафарга яқин ўқувчилар қамраб олинди. Бухоро, Наманган ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида “Меҳрли мактаб” филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Қолаверса, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 104 минг нафар ўқувчи халқаро сертификатни қўлга киритди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 январь куни олий таълим ва илм-фан соҳасидаги устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишиши асносида қайд этилганидек, мамлакатимиз тараққиётининг таянчи сифатида бу йўналишларга катта эътибор қаратилмоқда. Янги олийгоҳлар очилиб, қамров анча кенгайди. Таълим жараёнлари сифат жиҳатидан яхшиланмоқда.

Ўтган йили бакалавриат йўналишлари мақбуллаштирилиб, 1 минг 200 дан ортиқ таълим дастури хорижий андозаларга мослаштирилди. Жумладан, битирувчиларга малака талаби тўлиқ янгиланди, қайта тикланувчи энергия манбалари, атроф-муҳит муҳандислиги, биотизимлар муҳандислиги каби замонавий йўналишлар очилди.

Бу йил ҳам қатор муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан, яна мингдан ортиқ таълим дастурлари “ТОП-300” университет дастурлари асосида такомиллаштирилади ва 45 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилади.

Дуал таълимга яна 50 минг талаба жалб қилинади. Бинобарин, дуал таълим амалиёт билан уйғунликни кучайтириш мақсадида йўлга қўйилмоқда. Ҳозирда 15 минг талаба 957 та корхонага бириктирилган.

Маълумки, 2024 йил 20 июнда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳудудда техника олийгоҳи ва илғор муҳандислик мактаблари ташкил қилиш вазифасини қўйган эди. Ҳозиргача Термиз, Андижон ва Қаршида техника университетлари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, 8 та муҳандислик мактаби очилди.

Яқин истиқболда Нукус, Бухоро, Фарғона ва Наманган техника университетлари ҳам иш бошлайди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йўналишдаги 35 та муассасани йириклаштириш ҳисобига, 22 та техника университети ташкил қилинади. Шу йил охиригача яна 17 та муҳандислик мактаби очилади.

Ҳа, жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтган йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлди. Янги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олий ўқув юртлари, маданият ва спорт масканлари қад кўтармоқда. Билимли ва шижоатли, навқирон ёшларимиз улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.

Мамлакатимизда Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб номланган 2025 йилда асосий мақсадимиз – инсон ва табиат мувозанатига асосланган тизим яратишдир. Бунда, жумладан, фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгалари, баркамол инсонлар бўлиб тарбия топишлари учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт соҳаларига эътибор янада кучайтирилади.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон — инсоннинг ривожланиши ва истеъдоди қадрланадиган мамлакат. Бугун илм­фан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакатимиз тараққиётини замон талабларига мос равишда илм­фансиз тасаввур этиш қийин.

Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда. Мен ишонаман, биз бу тарихий йўлни муносиб давом эттиришга ҳар томонлама қодирмиз. Бугунги кунда дунё харитасида тутган ўрнимиз, ўз олдимизга қўяётган жуда улкан мақсад ва марраларимиз ҳам айнан шуни тақозо этмоқда”.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech