Тошкент давлат юридик университетида таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.
У.Мингбоев мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ идораларида қарийб 60 йилдан буён фаол меҳнат қилиб келмоқда. Олий суднинг ўзида салкам 20 йил фаолият олиб борган. Жумладан, қарийб 12 йил давоми (1991-2002 йиллар)да Олий суд раиси, 2018-2020 йилларда Судьялар олий кенгаши раиси лавозимида хизмат қилган.
2009 йилдан буён Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Шу кунгача у “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Жасорат” медали билан тақдирланган эди.
Бугун эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Убайдулла Мингбоевга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвони берилди.
Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев давлатимиз раҳбарининг табриги ва фармонини ўқиб эшиттирди. Мазкур мукофот юбилярга жамиятда қонунийликни таъминлаш, адолатни қарор топтириш орқали инсон қадр-қимматини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қўшган муносиб ҳиссаси, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун берилганини қайд этди.
Айтиб ўтиш керакки, У.Мингбоев мустақил Ўзбекистон Олий судининг биринчи раиси бўлган, биринчи Конституциямиз лойиҳасини тузишда иштирок этган. Республикамизда биринчи бор “Судлар тўғрисида”ги қонунни тайёрлашда ишчи гуруҳга раҳбарлик қилган. Ўтган асрнинг 30-35 йилларда қатағон қилинганларнинг, 83-86 йилларда “Ўзбеклар иши” деб ноҳақ қамоқда ётганларнинг кўпларига адолатли суд қарорларини чиқарган.
Сўзга чиққанлар юбилярнинг жамият ва давлат олдидаги шу каби улкан хизматларини алоҳида эътироф этди.
Умиджон Қурбонов, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 28.01.2025
- Кўришлар: 886
- Чоп этиш