Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимига оид билимлар оширилди

4 февраль куни Инсон ҳуқуқлари уйида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими” мавзусида сайёр ўқув машғулоти ўтказилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази  ташаббуси билан ташкил этилган маърифий-ҳуқуқий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” магистратура йўналиши бўйича таҳсил олаётган тингловчилари иштирок этди.

Тингловчилар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази фаолияти, яқинда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари уйи имкониятлари билан танишдилар.

Тадбир иштирокчиларига, шунингдек, Миллий марказнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қимматини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган фаолияти ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.

Хусусан, Ўзбекистон томонидан бугунги кунга қадар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан 46 та миллий маъруза БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим қилингани таъкидланди. Айни пайтда 7 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси бўйича мониторинг олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қонунчилик ҳужжатларида белгилаб берилган ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилишининг олдини олишда мунтазам асосда амалий ёрдам кўрсатиб келаётганлиги борасида ҳам атрофлича фикр юритилди.

Сайёр ўқув машғулоти қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтди. Тингловчиларни қизиқтирган саволлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир якунида эътироф этилганидек, машғулот тингловчиларнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ йўналишидаги салоҳиятини ошириш, уларнинг жамият ва давлат ишларидаги иштирокини янада фаоллаштиришга йўналтирилган муҳим ташаббус сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва кўникмаларни такомиллаштиришнинг долзарблиги, халқаро тажрибани миллий амалиёт билан уйғунлаштиришнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech