Қийноққа қарши кураш бўйича ўқув курсига жиззахлик мутахассислар жалб этилди

24-25 февраль кунлари Жиззаҳ вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бўлиб ўтди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Шуни қайд этиш жоизки, тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июньдаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.

Ўқув курсида мазкур вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 63 нафар ходимлар тингловчи сифатида иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад - БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларида қийноққа солишга қарши курашиш соҳасида билим ва амалий кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

Тадбир очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашроповнинг видеомурожаати тингланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани, шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Хусусан, ўқув курсининг биринчи кунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари Музаффаржон Мамасидиқов “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, Олий суд масъул ходими Маъруфжон Тожибоев “Қийноққа оид ишлари бўйича суд амалиёти” ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти Қувонч Қодиров “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзуларида маърузаларни тақдим этди.

Шунингдек, ўқув курси давомида амалий машғулотлар ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, турли кейслар устида ишладилар, қийноқларни аниқлаш ва ҳужжатлаштириш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштирдилар.

Ўқув курсининг иккинчи кунида Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи Олимжон Матчанов “Қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”,“Қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши”мавзуларида, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг кафедраси катта ўқитувчиси Олимжон Субанов “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”,“Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзуларида маърузалар ва машғулотлар ўтказди.

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида тингловчиларнинг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар топширилди.

 

 Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech