Ўзбекистон вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 143-сессиясидаги иштирокига доир

ПРЕСС-РЕЛИЗ

2025 йил 3 март куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 143-сессияси расман ўз ишини бошлади. Қўмита ишида илк бор Ўзбекистон вакили – БМТнинг ушбу нуфузли органи таркибига 2025-2028 йиллар даврига сайланган академик Акмал Саидов иштирок этаётгани ушбу сессиянинг алоҳида аҳамиятини кўрсатади.

Маълумот учун: А.Саидов 2024 йил 29 май куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессиясида яширин овоз бериш йўли билан Қўмита аъзоси этиб сайланди.

Қўмита таркибига Ўзбекистон вакилининг киритилиши мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва демократик институтларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этишда муҳим босқич бўлди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 143-сессияси доирасида Қўмита аъзолари 14 та давлатнинг (Албания, Буркина-Фасо, Гаити, Мўғулистон, Черногория, Зимбабве, Чад, Антигуа ва Барбуда, Барбадос, Доминикан Республикаси, Иордания, Маврикий, Янги Зеландия, Самоа) миллий маърузаларини кўриб чиқади, халқаро стандартларнинг бажарилишини таҳлил қилади ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг глобал механизмларини мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. Сессия кун тартибидан сўз эркинлигини, одил судловга бўлган ҳуқуқни таъминлаш, аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш каби долзарб масалалар ўрин олган.

Қўмита ишида Ўзбекистон вакилининг иштироки мамлакатнинг халқаро инсон ҳуқуқлари жараёнларидаги роли ортиб бораётганини таъкидлайди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларига содиқлигини намоён этди, бу эса жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланди.

2025 йил март ойи охиригача давом этадиган 143-сессия бутун дунёда ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш бўйича конструктив мулоқот ва стратегик ёндашувларни ишлаб чиқиш учун платформа бўлиши кутилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech