Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида Кенгаш аъзоларига Миллий марказнинг 2024 йилдаги фаолиятига доир ҳисобот тақдим этилди.
Ҳисоботда Миллий марказ фаолиятининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, соҳадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш билан боғлиқ тегишли йўналишларида ўтган йилда амалга оширилган ишларга доир маълумотлар мужассам этилган.
Хусусан, 2024 йили Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг 78 та бандидан 69 таси тўлиқ бажарилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти устав органлари, шартномавий қўмиталари ва бошқа механизмлари тавсияларини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталари тасдиқлаган 6 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси бўйича мониторинг амалга оширилди.
Миллий ва халқаро ҳамкорлар билан бирга Универсал даврий ҳисобот тавсияларини амалга оширишга бағишланган давра суҳбатлари, семинарлар, жамоатчилик маслаҳатлашувлари ўтказилди.
Халқаро шартномаларни ратификaция қилиш масаласи ўрганилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Миллий марказ томонидан 2024 йилда 69 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат экспертизадан ўтказилиб, уларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрланди.
Шунингдек, Конституциявий суднинг 2024 йил 23 июлда бўлиб ўтган суд мажлисида Миллий марказнинг мурожаати бўйича «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига шарҳ бериш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементaция қилинишини таъминлаш мақсадида 11 та мониторинг ташкил қилинди. Шунингдек, 7 та халқаро шартномани ратификaция қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.
2024 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича ишлар давом эттирилди. Миллий марказ томонидан айни йўналишда 110 та тадбир ўтказилди.
Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари
4 минг 317 нафар ходимининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмалари оширилди.
Миллий марказда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, 2024 йилда хорижий ташкилотлар билан 2 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, БМТ тизимидаги инсон ҳуқуқлари бўйича дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалар билан самарали ҳамкорлик алоқалари изчил давом эттирилди.
Хусусан, 13–14 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўтказилди. Форум якунида “Иқлим ўзгаришлари шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак йўлидаги мажбуриятлар ва саъй-ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси” қабул қилинди. Декларация БМТнинг 78-сессияси расмий ҳужжати сифатида эълон қилинди.
Ўтган йилда бир қатор хорижий делегациялар инсон ҳуқуқлари бўйича тажриба алмашиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди. Ўз навбатида, Миллий марказ вакиллари хорижий мамлакатларда бўлиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Миллий марказга 2024 йилда фуқаролар томонидан 1 минг 455 та мурожаат йўлланди. Мурожаатларнинг 506 таси фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 908 таси алоқа тармоғи воситалари – асосан, почта ва виртуал қабулхоналар орқали олинди.
Турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилган тавсияларга биноан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари тикланмоқда. Бу жараёнда мурожаат эгаларига моддий зарар ундириб берилиши ҳам таъминланмоқда.
Бундан ташқари, ўтган йил давомида телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 3 минг 650 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
2024 йил 3 декабрда “Инсон ҳуқуқлари уйи” ўз фаолиятини бошлади. Ушбу маърифат маскани Марказий Осиё минтақасида инсон ҳуқуқлари бўйича ягона ихтисослашган кутубхона ҳисобланади.
Ўтган йили Миллий марказ нашриётида 21 та китоб, жумладан, Ўзбекистон қўшилган 45 та халқаро ҳужжатнинг давлат тилига таржимасини ўзида жамлаган 4 та халқаро ҳужжатлар тўплами нашр этилди.
Анъанага кўра, Миллий марказнинг йиллик ҳисоботи Марказ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилинди. Эндиликда алоҳида китоб шаклида нашр этилади ва тарқатилади.
Айни вақтда 2024 йил бўйича ҳисобот Миллий марказнинг расмий сайтида жойлаштирилган. Ҳисобот матни билан Интернетдаги ижтимоий тармоқларимизда ҳам танишиш мумкин.
Расмий хабарлар
- Қўшилди: 24.03.2025
- Кўришлар: 310
- Чоп этиш