Рамазон ҳайити – эзгу қадрият ва анъаналар айёми

Жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 30 март – якшанбага тўғри келмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бу ҳақдаги ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 2025 йил 30 март куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил 26 март куни имзолаган “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли халқимиз фаровонлигини ошириш, кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.

Буларнинг барчаси бағрикенглик, саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини мамлакатимизда тинч-тотув, файзли ва шукуҳли муҳитда ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни эл-юртимиз ўртасида инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, кам таъминланган ва эҳтиёжманд шахслар, ёрдамга муҳтож оилаларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби юксак инсоний фазилатлар айни кунларда янада яққол намоён бўлаётгани ҳам тасдиқлайди.

Улуғ айём – муқаддас Рамазон ҳайитини ана шундай хайрли ишларни изчил давом эттирган ҳолда ҳар томонлама муносиб кутиб олиш, ўтказиш ва унинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этиш мақсадида, Президент қарорида:

биринчидан, Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:

  • ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2025 йилда якшанба — дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 31 март — душанба кунига кўчирилиши;

  • бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинган.

Иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Рамазон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши назарда тутилган.

Учинчидан, Туризм қўмитасига Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш учун қулай шароит ва имкониятлар яратиш вазифаси юкланган.

Шу маънода, ходимлари ҳафтада беш кун ишлайдиган ташкилотларда 29, 30 ва 31 март – дам олиш кунлари ҳисобланади. Яъни, келаётган шанба, якшанба ва душанбада ҳамюртларимиз, шу жумладан, ҳамкасбларимиз Рамазон ҳайитини файзли ўтказишлари учун зарур шароитлар муҳайё этилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech