8 апрель куни Тошкент шаҳрида “Ёш хотин-қизлар учун тинчлик ташаббуси: Марказий Осиё ёш хотин-қизларининг имкониятларини кенгайтириш” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. У Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлаши билан ЕХҲТнинг Гендер масалалари дастури доирасида амалга оширилаётган "Аёллар ва эркаклар учун ғалаба – инновациялар ва ҳамкорлик алоқалари орқали гендер тенгликни таъминлаш йўли билан кенг қамровли хавфсизликни мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирда асосий эътибор бошланғич тайёргарлик дастури давомида олинган кўникма ва билимларни доимий равишда қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, қизларнинг салоҳиятини ошириш ва ўз вазифаларида муваффақият қозонишини таъминлаш масалаларига қаратилди.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган “Ёш хотин-қизлар учун тинчлик ташаббуси” Марказий Осиёда тинчлик ўрнатувчи ва ўзгаришларни амалга оширувчи ёш хотин-қизлар учун кенг қамровли икки йиллик дастур ҳисобланади. У ЕХҲТнинг собиқ Бош котиби Хельга Мария Шмид томонидан ташкил этилган.
Тадбирнинг кириш қисмида ЕХҲТнинг гендер масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Лара Скарпитта, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова ва ЕХҲТ амалдаги раисининг гендер масалалари бўйича махсус вакили Саара-София Сирин сўзга чиқди.
ЕХҲТнинг Гендер масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Лара Скарпитта мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши — тинчлик, хавфсизлик ва гендер тенгликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири эканини таъкидлади. Марказий Осиёдаги ёш хотин-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва уларни тинчлик жараёнларига фаол жалб этиш бугунги кунда нафақат долзарб, балки ҳаётий зарурат эканини қайд этди.
Л. Скарпитта, шунингдек, “ёш хотин-қизлар – тинчликнинг келажагидир” деган қарашни илгари сурди. Бу борада йўналтирилган инвестициялар бевосита тинчлик ва барқарор тараққиётга қўйилган инвестиция эканига урғу берди.
Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова “Young Women 4 Peace” каби минтақавий ташаббуснинг очилиш маросимига мезбонлик қилиш мамлакатимиз учун катта шараф эканини таъкидлади. Ушбу муҳим воқеа нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун ҳам аҳамиятли эканини қайд этди. Зеро, бу ташаббус тинчлик ва адолат ғояларига содиқ, фаол ва юксак мақсадли ёш хотин-қизларни бирлаштиради.
Д. Муратованинг фикрича, “Young Women 4 Peace” ташаббуси тинчлик ғоялари янги авлод қалбида акс этишининг ёрқин намунасидир. У, шунингдек, инклюзив ва барқарор тинчликка аёлларнинг фаол иштирокисиз эришиб бўлмаслигини таъкидлади. Бу талаб нафақат миллий, балки халқаро даражадаги форумлар учун ҳам долзарбдир. Шу маънода, қабул қилинаётган қонунлар, дастурлар ва стратегиялар аёллар етакчилиги ҳамда ёшлар ташаббуслари учун қулай муҳит яратишга қаратилаётгани жуда муҳим.
Миллий марказ вакили БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1325-сонли резолюциясини амалга ошириш бўйича Ўзбекистонда 2022 йилда қабул қилинган илк Миллий ҳаракатлар режасига ҳам тўхталди. Ушбу ҳужжат давлат органлари, фуқаролик жамияти, илмий доиралар ва энг муҳими, ҳар куни низоларнинг олдини олиш, воситачилик ва тинчликни қўллаб-қувватлаш соҳаларида фаолият юритаётган аёллар иштирокидаги кенг мулоқот мевасидир.
Д.Муратова пировардида қайд этганидек, “Young Women 4 Peace” каби ташаббуслар орқали минтақамизнинг янги авлод етакчилари жамоаси шаклланмоқда. Бинобарин, бугун мулоқот қилиш, тинглаш, тушуниш ва келиша олиш қобилиятига эга етакчиларга эҳтиёж катта.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен ўз нутқида ёш хотин-қизларнинг тинчлик жараёнларидаги ролига алоҳида урғу берди. Ёш хотин-қизлар тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутишини ва уларга қаратилган инвестициялар барқарор тараққиёт ва тинчликка олиб келишини таъкидлади. Муҳими, бу борадаги ташаббуслар инклюзив тинчлик жараёнларини қўллаб-қувватлаш ва ёш хотин-қизларнинг етакчилик салоҳиятини рўёбга чиқаришда катта аҳамият касб этади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар ёш хотин-қизларнинг тинчлик ўрнатишдаги ролини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётганини эътироф этди. Аслида ҳам, бу ташаббуслар орқали инклюзив ва барқарор тинчликка эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
ЕХҲТ амалдаги раисининг гендер масалалари бўйича махсус вакили Саара-София Сирин ёш хотин-қизларнинг тинчлик жараёнларидаги фаол иштироки глобал хавфсизлик учун ҳал қилувчи омил эканига эътиборни қаратди. Хотин-қизлар ва ёшларнинг тинчликни таъминлашдаги роли ҳар куни кундалик низоларнинг олдини олишда ва барқарор тараққиётга эришишда тобора катта ўрин тутиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Саара-София Сириннинг фикрича, тинчлик жараёнларида ёш хотин-қизларга кенг имкониятлар яратиш келажак сари қўйилган илғор қадамдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.04.2025
- Кўришлар: 402
- Чоп этиш