7 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов Швеция парламенти – Риксдаг депутати Л. Юнссон бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва парламентаризмни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда келажакдаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик ва парламентаризмни ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди. Бунда инсон ҳуқуқларини таъминлаш тажрибаси ва парламентларнинг халқаро шартномавий органлар билан ҳамкорлик механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, жумладан, БМТнинг шартномавий органлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари ва бу жараёнга парламент аъзоларини жалб этиш тўғрисида маълумот берилди.
Суҳбат чоғида халқаро тавсияларни амалга ошириш учун миллий стратегиялар ва "Йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шунингдек, бола ҳуқуқлари, гендер тенглик ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда қабул қилинган қонунчилик ташаббусларидан мисоллар келтирилди.
Томонлар очиқ мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб, ўзаро манфаатли барча масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот якунида Швеция парламенти делегациясига халқаро майдондаги парламент фаолиятига бағишланган китоб тақдим этилди.
Учрашув самимий ва дўстона муҳитда ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.04.2025
- Кўришлар: 395
- Чоп этиш