ОИЛАДА ҚАДР ВА ЭЪЗОЗ ТОПГАН АЁЛ

жамият ободлиги, давлат барқарорлиги ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшади

 

2023 йил 11 апрель – оиладаги зўравонликка

қарши қонун қабул қилинганига 2 йил тўлди

 

«Хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш ижтимоий тараққиётнинг асосий шартларидан биридир». Бу адолатли талаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясидаги нутқида янгради.

Давлатимиз раҳбари тақдим этган таҳлил натижаларига кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқларида аёлларнинг эркаклар билан тенг иштироки таъминланса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 26 фоиз ўсади. Дунё миқёсида аёл депутатларнинг улуши 1995 йилдаги 11,3 фоиздан жорий йилда 27,2 фоизга кўтарилгани ҳам қувонарли ҳолдир.

Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни алоҳида қайд этиш лозим.

Айни қонун кейинги икки йил давомида юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Зеро, ушбу қонундан кўзланган асосий мақсад, Президентимиз таъбири билан айтганда, “оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг бахти ва ҳимоясини таъминлашдир”[1].

Маълумки, 2023 йилда халқимиз тарихида биринчи марта умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Унда инсон ҳуқуқларига оид  конституциявий нормалар уч баравардан ортиққа кўпайди.

Шунинг баробарида, келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга оширишга киришилди. Ушбу дастуриламал ҳужжат БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастуридаги 25-мақсад хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш масалаларини ўзида қамрайди.  Айни вақтда ушбу мақсадга эришиш учун Давлат дастурининг қарийб 10 та бандида белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳаётимизга фаол татбиқ этилмоқда. Бунда ўтган йили аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи муҳим қонун қабул қилингани алоҳида аҳамият касб этади. Чунки шу асосда оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилиб, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик янада кучайтирилди.

Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тадбирларини ижро этиш доирасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий қилинмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган даврда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини шакллантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди.

Миллий марказ Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ижросини таъминлашни нафақат мониторинг қилмоқда, балки айни жараёнларда бевосита иштирок ҳам этмоқда. Масалан, манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари мунтазам ташкил этилмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда хотин-қизлар ва болаларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда. Айни чоғда хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келаётгани эътиборга молик.

Бу ўринда 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган қонун алоҳида аҳамият касб этганини яна бир бор қайд этиш айни муддаодир. Бинобарин, ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжудлиги мазкур қонунга заруратни келтириб чиқарди. Хусусан, шу вақтга қадар:

  • хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаганди;

  • хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмасди;

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермасди;

  • алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди.

Қонун асосида шу каби тизимли муаммоларга ҳуқуқий ечим топилди. Қолаверса, вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилиб, улар тегишинча Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари этиб қайта ташкил этилди.

Янги қонун билан Ўзбекистон Республикаси қонунларига хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи, шунингдек, Болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўювчи ўзгартиришлар киритилди.

Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилди. Оилавий зўравонлик, шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди. 

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериши, болалар билан бевосита ишлашини назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланди. Бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилди.

Қонунда оилавий ва маиший зўравонлик учун, таъқиб қилиш, шаҳвоний шилқимлик, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кўз тутилган. Айни чоғда, аёлларни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, турмуш қуришга мажбурлаш ёки тўсқинлик қилиш учун ярашиш институтини қўлламаслик ҳам белгиланган.

Буларнинг барчаси пировардида зўравонликнинг олдини олиш ва унинг мудҳиш оқибатларига барҳам беришга хизмат қилади. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 592-моддаси, яъни оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди, худди шу ҳаракатлар бир йил ичида қайта содир этилган тақдирда Жиноят кодексининг 1261-моддасида жиноий жавобгарлик кўзда тутилди.

Жиноят кодекси 1413-модда, яъни шахс шаънини ва қадр-қимматини камситувчи, инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, товламачилик аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шахсий розилигисиз яланғоч ҳолдаги фото, видеотасвирни ўз ичига олган ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёки бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи 411-модда билан тўлдирилди. Ўтган қисқа даврдп янги қонун ўз амалий натижаларини бермоқда.

Ўз навбатида, 2024 йил 19-20 январь кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун маъқулланганига мухтасар тўхталиш ўринлидир.

Қонун муҳокамаси асносида таъкидланганидек, кейинги йилларда ички ишлар органларида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий ҳамда жисмоний ривожланишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда ҳукуматининг тегишли қарорлари билан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳимоя ордери талабларининг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.

Шунинг учун “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан айни Кодекснинг тегишли моддасига:

  • болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда;

  • жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганликда;

  • шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ваколатлари берилди.

Шу тариқа кейинги даврда Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг янги босқичига асос солинди. Бу борада қатор муҳим натижаларга эришилмоқда.

Авваламбор, Янги Ўзбекистонда қилмиш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги қатъий таъминланмоқда. Жамиятимизда, оилаларда маиший муҳит изчил яхшиланиб, аёлларимизнинг қадр-қиммати ва қизларимизнинг иззат-ҳурмати янада ошмоқда.

Яна бир муҳим ютуғимиз шундаки, оилавий ва маиший зўравонликка барҳам беришга қаратилган янги қонуннинг амал қилиши халқимиз томонидан маъқулланмоқда. Бу қонун ҳужжати жаҳон жамоатчилиги эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда.

Бунга битта амалий мисол: 2024 йили – Ўзбекистонда ушбу қонун кучга кирганига бир йил тўлган вақтда –Қозоғистонда ҳам оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортувчи қонун қабул қилинди. Бундай қонун қабул қилиниши қардош ва қўшни мамлакат жамоатчилигининг талаб-истаклари самарасидир.

Эътибор беринг: Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев имзолаган қонунда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишлари учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш ва вояга етмаганлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, хусусан, педофилия ва болалар қотиллиги учун умрбод қамоқ жазосини назарда тутадиган янги қоидалар жорий этилди.

Шу мисолнинг ўзи ҳам Ўзбекистоннинг оилавий ва маиший зўравонлик учун қонуний асосда қатъий чора кўришга қаратилган ҳуқуқий сиёсати нечоғлик тўғрилигини яққол тасдиқлаб турибди. Бинобарин, қадрланган ва эъзозланган аёл нафақат рўзғорини, оиласини, балки жамиятни ҳам обод этишга, давлатимиз барқарорлиги ҳамда мамлакатимиз тараққиётини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

Хулоса қилиб айтганда, жамият бошқарувида аёллар фаоллигини қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чоралар ёрдамида, ҳеч шубҳасиз, янги натижаларга эришишимиз тайин. Шу нуқтаи назардан, сўнгги йилларда юртимизда БМТ институтлари ва Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда Осиё хотин-қизлар форуми ва Жаҳон парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити самарали ўтказилганини алоҳида диққатга сазовор.

Куни кеча мамлакатимиз пойтахтида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси муваффақият билан ўтказилди. Президентимиз “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусига бағишланган ушбу нуфузли анжуман аҳлини Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилаётган БМТ Бош Ассамблеясининг “Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қўллаб-қувватлашга чорлагани бежиз эмас.

Бу муҳим воқелик ҳам, моҳиятан олиб қараганда, Янги Ўзбекистоннинг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги изчил сиёсатининг яна бир амалий ифодасидир.

 

Ғулом МИРЗО

[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи//31.08.2023/https://president.uz/uz/lists/view/6637

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech