Миллий марказда  ЕХҲТнинг гендер масалалари бўйича катта маслаҳатчиси билан учрашув

9 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ЕХҲТнинг гендер масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Лара Скарпитта билан учрашди.

Учрашувда томонлар ЕХҲТ ваколати доирасида гендер масалалари бўйича ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар. Сўнгги даврда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муҳим ютуқларга эришилгани эътироф этилди. Шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бўйича янги Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.

Мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири “фемицид” муаммоси бўлди. Фемицид – одатда, хотин-қизларга нисбатан нафрат, гендер камситиш ёки гендер зўравонлик оқибатида эркаклар томонидан содир этиладиган қотилликдир.

Томонлар бундай жиноятлар сонининг глобал миқёсда ортиб бораётганига эътибор қаратиб, гендер камситишга асосланган хатти-ҳаракатларни жиноят деб баҳолаш бўйича халқаро тажрибани ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш чораларини муҳокама қилдилар. Айни йўналишда қонунчилик таъсирини янада кучайтириш ва жамоатчилик хабардорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, яқин қариндошлар томонидан содир этиладиган зўравонлик ҳолатларини ҳам қамраб олган ҳуқуқий тартибга солишни кенгайтириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги доирасида гендер тенглик бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қўшма ташаббусларни амалга оширишга келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech