8 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитаси раиси ўринбосари С.Киладзе билан учрашди.
Учрашувнинг асосий мақсади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашишни чуқурлаштиришдан иборат бўлди. Бунда болалар ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокама Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўтказилаётгани фонида бўлиб ўтди. Ҳар икки томон айни воқеанинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мулоқот учун муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Иштирокчилар, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва Бола ҳуқуқлари қўмитаси доирасидаги фаолияти бўйича фикр алмашдилар. Бу, ўз навбатида, ушбу тузилмалар фаолияти ҳақида янада чуқур тушунча ҳосил қилиш имконини берди.
Суҳбат давомида бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро стандартларни самарали жорий этишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг аҳамияти таъкидланди. Ўзбекистонда Миллий марказининг бу борадаги фаолияти, болалар ҳуқуқларини миллий даражада таъминлашдаги ўрни ва таълим соҳасидаги ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Марказнинг парламент аъзолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари каби асосий гуруҳлар орасида бола ҳуқуқлари тўғрисида хабардорликни ошириш бўйича саъй-ҳаракатлари, хусусан, халқаро экспертлар иштирокидаги ихтисослаштирилган семинарларни ташкил этиш орқали амалга оширилаётган ишлари юқори баҳоланди.
БМТ учун миллий маърузалар тайёрлаш бўйича Миллий марказнинг фаолияти, давлат органлари ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда халқаро тавсияларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш, илғор тажрибаларни алмашиш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантириш жараёнлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Бунда Миллий марказнинг болалар ҳуқуқларини миллий даражада таъминлашдаги роли ва таълим соҳасидаги ташаббусларига алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар болалар ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканлигини билдирдилар.
Учрашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова ва Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўлими етакчи мутахассиси А.Ҳомидов ҳам иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.04.2025
- Кўришлар: 428
- Чоп этиш