Шу кунларда юртимиз нуфузли халқаро тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида 140 га яқин давлатдан халқаро ташкилот делегатлари иштирок этди.
Ана шундай нуфузли делегация аъзоси, Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқ хавфсизлиги департаменти директори Др. Стелла Чунгонг Урганч халқаро аэропортида кутиб олинди.
Хорижий меҳмонлар вилоятимиз масъуллари ҳамроҳлигида Хоразмнинг кўҳна “Ичан Қалъа” мажмуаси, халқимизнинг анъаналари ва ёшларга яратилган кенг имкониятлар билан танишиш истагидалар.
Хорижий меҳмонлар Хоразмнинг юраги – тарихий “Ичан Қалъа” мажмуасига ташриф буюриб, асрлар оша авлоддан-авлодга етиб келган бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишдилар.
Қадимий миноралар, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Улар бу бебаҳо меросимизга юксак баҳо бериб, Ичан Қалъанинг ўзига хослиги ва бетакрор архитектурасидан чуқур таассурот олдилар.
Ташриф давомида хорижликларга Хоразмнинг миллий таомлари, халқ амалий санъати намуналаридан иборат кўргазмалар ҳам намойиш этилди. Бу учрашув миллий маданиятимизни халқаро майдонда янада кенгроқ танитишда муҳим қадам бўлди.
- Қўшилди: 11.04.2025
- Кўришлар: 394
- Чоп этиш