13 апрель куни пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон» боғида VII Тошкент халқаро марафони ўтказилди. Унда иштирокчилар марафон (42 км.), ярим марафон (21 км.) ва 10 км. масофага югуриш трассаларида «Янги Ўзбекистон» боғига туташ йўл бўйлаб югурди. Боғ ҳудудида эса 3 км. масофага югуриш ташкил этилди.
Тошкент халқаро марафонининг бу йилги баҳсларида 52 мамлакатдан келган югуриш спорти усталари, шунингдек, мамлакатимиз давлат органлари ва идоралари вакиллари, турли жамоалар ҳамда кўнгилли югурувчилар – жами 11 минг 500 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Халқаро марафонда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси вакиллари ҳам иштирок этди.
ЎзА хабарига кўра, мусобақанинг 3 км масофага ўтган югуриш баҳсларида Элдор Ботиров ва Садоқат Самиғжонова ғалаба қозонди. Ҳасан Мирсоатов ҳамда Алина Ҳакимова 10 километр масофадаги беллашувларда маррага биринчи бўлиб етиб келган бўлса, Ринас Аҳмадиев ва Айнушка Ҳалил қизи ярим марафонда тенгсиз бўлди. Виталий Шафар ва Екатерина Тунгускова 42 км.даги марафонда олтин медалга сазовор бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.04.2025
- Кўришлар: 315
- Чоп этиш