16 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлди. Унда ташкилотнинг 2020–2025 йиллардаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, жамоа шартномаси асосида олиб борилган ишлар, аъзоларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган тадбирлар муҳокама қилинди.
Йиғилиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош Кенгашининг 2024 йил 21 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.
Қўмита раиси томонидан 2020 йил февраль ойидан – 2025 йил февраль ойигача бўлган муддатда амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил ҳисобот берилди. Хусусан, касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, соғломлаштириш ва дам олиш тадбирларини ташкил этиш каби йўналишларда қилинган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Иштирокчилар ҳисоботни муҳокама қилиб, қўмита фаолиятини "қониқарли" деб баҳоладилар. Музокаралар давомида касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи, унинг жамиятдаги роли ва бугунги кундаги долзарб вазифалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Йиғилишда, шунингдек, Тафтиш комиссияси раиси томонидан қўмитанинг молиявий-иқтисодий фаолияти юзасидан тақдим этилган ҳисобот эшитилди. Унда қўмита маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши, аъзолар ўртасида адолатли тақсимоти таъминлангани таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари журнали” таҳририятидаги бошланғич касаба уюшмаси фаолияти ижобий баҳоланди.
Йиғилишда қўмита раиси ва унинг аъзолари ҳамда Тафтиш комиссияси ва унинг аъзолари кўрсатилган номзодлар орасидан овоз бериш орқали қайта сайланди.
Янги сайланган қўмита олдидаги келгуси беш йиллик вазифалар белгилаб олинди. Бу ўринда меҳнат муҳитини янада яхшилаш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, жамоа шартномасини самарали амалга ошириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашни кучайтириш каби устувор йўналишларда келгусида бажариладиган ишлар ҳақида сўз бормоқда.
Йиғилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.04.2025
- Кўришлар: 252
- Чоп этиш