“ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ” ЖУРНАЛИНИНГ ТАҚДИМОТ ТАДБИРИ

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадри ва халқ манфаатлари устувор бўлган Янги Ўзбекистон барпо этилмоқда. Давлатимиз ва халқимиз олдидаги бундай улуғ мақсадга эришиш учун аввало жамиятимизда инсон ҳуқуқлари таъминланишини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билимини ошириш ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали айни шу долзарб мақсадга эришиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний кафолатлаш борасидаги миллий амалиёт ҳамда хорижий тажрибани ёритишга ихтисослашган. Журнал ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги долзарб илмий ҳамда маърифий мақолаларни юртимизда ва халқаро миқёсда ёритиб келмоқда.

Шунингдек, у Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.  Халқаро идентификация рақами (doi®): 10.34920/p1696-2206-6326-y.

Журнал таҳририятининг ижодий жамоаси 2024 йилда “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳаётимиз билан боғлиқ долзарб мавзулардаги материаллари учун” номинацияси ғолиби бўлган.

Жорий йилнинг 16 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилига бағишланган навбатдаги сони тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда журналнинг мазкур сонида мақоласи нашр этилган тадқиқотчилар, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат юридик университетининг докторантлари ва мустақил тадқиқотчилари иштирок этди. Тақдимот тадбирида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг Таҳрир кенгаши аъзолари ва мамлакатимиздаги ҳуқуқий мавзуларни ёритишга ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам қатнашди.

Анжуманни “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали Таҳрир кенгашининг раиси, академик Акмал Саидов табрик сўзи билан очди. У ўз нутқида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан илмий-ҳуқуқий журналларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб,  “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналини юртимиздаги етакчи илмий-маърифий журналлардан бири сифатида эътироф этди.

Шундан сўнг, журнал бош муҳаррири Эркин Эрназаров журналнинг чорак асрлик тарихи, таҳририятнинг бугунги фаолияти ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот берди. Шунингдек, журналнинг 2025 йилдаги биринчи сонида мақолалари нашр этилган муаллифлар ўз мақолалари мавзусидан келиб чиқиб маъруза қилдилар. 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Омон Оқюлов, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси катта прокурори Бобир Турдиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази докторанти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Шаҳло Сафарова, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг докторантура мактаби катта мутахассиси  Бегимхон Абдураҳимова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети доценти, юридик фанлар номзоди Хожабай Кабулов, Тошкент давлат юридик университети доценти Лола Раҳимқулова, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби таянч докторанти Севара Бегматованинг долзарб мавзулардаги илмий маърузалари тингланди.

    

Ҳар бир илмий маърузадан сўнг муҳокама ва савол-жавоблар ўтказилди.

Тақдимот тадбирини журнал Таҳрир ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ҳалим Бобоев ўз нутқи билан якунлади. У журналда нашр этилган илмий мақолаларга холис ва танқидий муносабат билдириб, тадқиқотчиларга илмий тадқиқот олиб бориш ва илмий мақола ёзиш бўйича тавсиялар берди. Журнал фаолиятига эса омад ва муваффақиятлар тилади. 

Тадбир доирасида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 2025 йилдаги биринчи сонида мақола нашр этган ҳар бир муаллифга махсус сертификат топширилди.

Илмий тадқиқотчиларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу маърифий тадбир мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олий таълим муассасаларида юридик соҳада тадқиқот олиб бораётган изланувчиларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишлари учун ўзига хос мулоқот майдони вазифасини бажарди.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали

бош муҳаррирининг ўринбосари

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech