Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-16-сон Фармонида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича узоқ муддатли миллий стратегияни тасдиқлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш  назарда тутилган. Мазкур, топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фармон лойиҳаси шахс турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим ва зарурий шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб беради.

Фармон лойиҳаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ва самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шакллантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада ошириш мақсадига қаратилган тадбирлардан иборат.

Шунингдек, Фармон лойиҳаси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш назарда тутилган.

Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 6 та йўналишдан иборат чора-тадбирларни ўз ичига олган, жумладан: шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш; иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш; аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари  ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш; инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим фаолияти самарадорлигини ошириш;инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тадбирлар назарда тутилган.

Шу билан боғлиқ равишда, Фармон «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ сайтига жойлаштирилган.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech