Илҳақ      

("Матонат мадҳияси" ёдгорлиги пойида)

 

Фарзанд кетар

худди беҳушдек

она йўлга қараб қолади

нигоҳлари

иккита қушдек

қароқларда сайраб қолади

 

кўзлар

бир пас жавдирар

лекин

кўнгил

буткул

жавраб қолади

 

ой борсину

омон қайтсин-ей

шунда жон-тан яйраб қолади

оқ йўл тилаб

сочларин силаб

ранг-рўйи оқариб қолади

 

оппоғининг соғинчин

Она

оқ ювиб, оқ тараб қолади

бу илҳақлик изма-из

беш бор

тиним билмай такрорланади

 

қора дунни илкис

босар қор

хотиралар ҳам қорланади

келар бир-бир

бешта қора хат

беш  нафар оқ-оппоқларидан

 

тонглар ташлаб кетадир

фақат

тунлар қолар қароқларида

Она турар

интизор боқиб

бешта йўлнинг оралиғида

 

Кўзларидан

оқ кетмиш оқиб

қора ҳам йўқ қорачиғида...

 

Ғулом МИРЗО

 

 

Изоҳ: Бу шеър Иккинчи жаҳон уруши туфайли беш нафар баҳодир ўғлидан айрилган, умрининг охиригача фарзандларини илҳақу интизор бўлиб кутган муштипар ва матонатли онаизор Зулфия Зокировага бағишланади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида қаҳрамон она Зулфия опанинг шарафига «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги барпо этилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech