Ногирон фуқарони ишга қабул қилган тадбиркорларга субсидия ажратилади

Бу Президентимизнинг жорий йил 8 майда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Фармонга асосан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун махсус хизматлар тизими жорий этилади. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг меҳнат бозорига кириши учун қўшимча имкониятлар яратиш асосий мақсад этиб белгиланган.  

Қолаверса, 2025 йил якунига қадар 80 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг барқарор бандлиги ва муносиб даромад топишини таъминлаш кўзда тутилган.  

2025 йил 1 июндан бошлаб, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади.  

Субсидия сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматини ташкил қилиш харажатларини қоплаш учун ажратилади. Жисмоний шахсларга ҳамроҳлик хизматини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида кўрсатишга рухсат берилади.  

Шунингдек, “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида Меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри юритилади.  

Ш.Маматуропова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech