13 май куни Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона марказида инсон ҳуқуқларига оид янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда вилоят Ахборот-кутубхона маркази жамоаси ва китобхонлар иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи К.Олимова тақдимотда сўз олиб, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини билиши ва уларни амалга ошириши учун ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақида таълим ва маърифат орқали хабардор бўлиши муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида гапирди. Шунингдек, тақдим этилаётган тўплам, рисола ва журналларнинг маъно-моҳиятига атрофлича тўхталди.
Янги китоблар ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” илмий-маърифий журналида инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, бола ҳуқуқлари каби қатор долзарб масалалар кенг ёритилган. Бухоролик тадқиқотчилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий янгиликлардан хабардор бўлиши ва ўз тадқиқотларини такомиллаштиришида ушбу нашрлар фойдали манба бўлиб хизмат қилади.
Шундан сўнг янги нашр этилган китоб-журналлар жамланмаси вилоят ахборот-кутубхона марказининг «Конституция ва инсон ҳуқуқлари бурчаги»ни бойитиш учун топширилди. Шу ўринда айни маърифий бурчакка Миллий марказ томонидан асос солинганини таъкидлаш лозим.
Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Н.Аминова тақдим этилган китоблар учун миннатдорчилик билдирди. У раҳбарлик қилаётган маърифат муассасаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан мунтазам ва самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини қайд этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.05.2025
- Кўришлар: 135
- Чоп этиш