Июнь ойидан бошлаб шу номдаги дастурни амалга ошириш учун ҳар ой 2-ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари “Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” этиб белгиланади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 майда қабул қилинган “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида қайд этилган. Ҳужжатда 2025 йил якунига қадар туризм соҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари Фармонига кўра, хусусан, республика ҳудудларига 15,8 миллион нафар хорижий туристнинг сафарлари ташкил этилади. Туризм хизматлари экспорти 4 миллиард АҚШ долларига етказилади.
Баҳрайн Қироллиги, Кувайт ва Ўмон Султонлиги фуқаролари учун 2025 йил 1 июндан Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланади. Шунингдек, 2025 йилдан ҳар йили 30 ноябрга қадар келгуси йил туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилади.
Хорижий мамлакатлардан сайёҳлар оқимини кенгайтириш мақсадида 14 та Airbus самолётини сотиб олиш ва яна бештасини ижарага олиш бўйича келишувларга эришилган.
Бундан ташқари, қўшимча 378 та туроператор фаолияти йўлга қўйилади.
Жорий йилдан ҳар йили ноябрь ойининг 3-ҳафтасида Халқаро туризм ҳафталиги ташкил этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.05.2025
- Кўришлар: 208
- Чоп этиш