“Янги Ўзбекистонда давлат ва ҳуқуқ тараққиётининг глобаллашув шароитидаги ривожланиши: янги ёндашувлар ва тенденциялар”

21 май куни Инсон ҳуқуқлари уйида шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Онлайн ва оффлайн тарзда ўтказилган анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан бир қатор давлат ташкилотлари ва илмий муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда халқаро ва миллий ташкилотлар вакиллари, хорижий олимлар ва экспертлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, давлат бошқаруви органлари мутахассислари, амалий ҳуқуқшунослар, докторантлар, ёш мустақил тадқиқотчилар, магистрантлар фаол иштирок этди. Иштирокчиларнинг маърузалари ва илмий чиқишлари учта секцияда тақдим этилди.

Хусусан, «Ўзбекистон миллий давлати ва ҳуқуқининг назарияси, тарихи ва шаклланиш жараёнлари» номли секцияда Ўзбекистонда давлат ва ҳуқуқ тизимининг тарихи, назарий асослари ва шаклланиш жараёни ҳақида чуқур таҳлиллар ўтказилди. Ҳуқуқий қадриятларнинг эволюцияси ва уларнинг янги даврга мослашуви масалалари “Глобаллашув шароитида давлат ва ҳуқуқ масалаларига янгича ёндашувлар – давр талаби”, “Ҳуқуқни тадқиқ этишнинг айрим назарий-услубий жиҳатлари” каби маърузаларда кўриб чиқилди.

«Янги Ўзбекистонда давлат ва ҳуқуқ тизимининг эволюцион ривожланишининг замонавий тенденциялари» секциясида конституциявий ислоҳотлар, суд тизимида етук кадрлар тайёрлаш истиқболлари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича механизмлар муҳокама қилинди. Бунда “Ўзбекистонда конституциявий назоратни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари”, “Глобаллашув шароитида суд соҳасида етук кадрларни тайёрлаш истиқболлари”, “Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашнинг долзарб масалалари” каби маърузалар тингланди.

«Ўзбекистон ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари: БМТ ва ЖСТ мисолида» номли секцияда мамлакатнинг халқаро майдондаги ҳуқуқий интеграция жараёнлари, жумладан БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро Қизил Хоч жамғармаси билан ҳамкорликнинг амалиётдаги самараси муҳокама этилди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзолиги: сиёсий нуфуз орзусими ёки иқтисодий-ҳуқуқий имкониятлар майдони?”, “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни имплементация қилиш муаммолари ва истиқболлари: Ўзбекистон тажрибаси”, “Қозоғистоннинг халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш амалиёти” каби маърузаларда халқаро ҳуқуқий стандартлар ва миллий қонунчиликнинг уйғунлиги таҳлил қилинди.

Тадбир доирасида Швеция, Швейцария, Россия, Қозоғистондан иштирок этган халқаро экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар билан бирга мазмунли илмий муҳокамалар бўлиб ўтди. Рақамли трансформация, глобал чақириқлар, ҳуқуқий институтларни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини давр талаби даражасида кафолатли таъминлаш ва ҳуқуқий давлат қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция якунида:

  • Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш;
  • давлат бошқаруви тизимида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш бўйича ташаббусларни кенгайтириш;
  • миллий ҳуқуқни халқаро ҳуқуқий стандартларга уйғунлаштириш;
  • илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишда ҳуқуқий фанлар билан бошқа ижтимоий фанлар ҳамкорлигини кенгайтириш ва ёш ҳуқуқшунослар салоҳиятини ривожлантириш каби долзарб йўналишлар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мазкур конференция нафақат илмий-амалий мулоқот платформаси, балки давлат ва ҳуқуқ соҳасида янги ғоялар, инновацион ёндашувлар, халқаро тажриба ва интеграциялашув механизмларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди. Анжуман асносида чиқарилган хулосалар мамлакатимизда ҳуқуқий давлат қуриш ва демократик институтларни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши тайин.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Давлат ва ҳуқуқ институти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech