Фавқулодда вазиятлар ва инсон ҳуқуқлари: муаммо ва ечимлар

22 май куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида шу мавзуда илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирни Академия бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов очди.

Анжуманда юридик фанлар докторлари, профессорлар – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев ва бошқалар иштирок этди.

Илмий-амалий анжуманда асосий эътибор мамлакатимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолиятини амалга оширишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласига қаратилди. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда жамоат хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш борасида инновацион ечимлар бериш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Сўзга чиққанлар Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг ривожланиши, хусусан, фавқулодда вазиятлар органлари ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши жорий ҳолатини таҳлил қилдилар. Бундан ташқари, фавқулодда ҳолатларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда чеклашнинг конституциявий ва ҳуқуқий асослари атрофлича муҳокама қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган миллий стратегияси лойиҳаси юзасидан таклифлар билдирилди.

Анжуман якунида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech