Озарбайжон Омбудсмани вакили – Инсон ҳуқуқлари уйида

26 май куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйига Озарбайжон Республикаси Омбудсмани Матбуот котиби Араз Аскерли ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси Бизнес-Омбудсмани Матбуот котиби Гулжамол Шукурова ҳамроҳлигидаги меҳмонни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари кутиб олдилар.

Араз Аскерли Инсон ҳуқуқлари уйи фаолияти билан яқиндан таништирилди. Мулоқот асносида меҳмонга Инсон ҳуқуқлари уйи фаолиятидан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар, мазкур маърифий масканда яратилган шароитлар, электрон китоблар, аудио ва видео манбалар орқали инсон ҳуқуқларига оид маълумотларни олиш имкониятлари ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилди.

Миллий марказнинг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Ҳ.Мўминов Инсон ҳуқуқлари уйи негизида қисқа даврда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий ҳужжатлар, илмий тадқиқотлар, шарҳлар ва таҳлилий ҳисоботларнинг замонавий кутубхонаси шакллантирилгани ҳамда ривожлантирилаётганини маълум қилди.

Араз Аскерли, жумладан, “Конституция ва инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар” бурчагини кўздан кечирди. Бу ерда сақланаётган ноёб нашрлар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.

Томонлар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик ҳамда ҳамкорлик истиқболларини мамнуният билан эътироф этдилар. Шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Озарбайжон Республикаси Омбудсманининг ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech