Марказий Осиё ва ЮНИСЕФ ҳамкорлиги ривожланмоқда

Тошкентда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган “Болалар учун мулоқот: Марказий Осиё ва ЮНИСЕФ” мавзусида юқори даражали форум бўлиб ўтди.

Тадбирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ваколатхоналари, “Замин” фонди масъуллари, шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа манфаатдор идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Умумий устувор йўналишлар, самарали стратегия ва қўшма ташаббусларни белгилаш орқали оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, айниқса болалар онкологияси масаласига алоҳида эътибор қаратилган анжуман халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай майдонга айланди.

– Ҳар бир бола саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттиришга қатъий қарор қилганмиз, – деди форум иштирокчиларига мурожаатда “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева. – Педиатрия хизматида кўп тармоқли ёндашув, жумладан онкологик касалликларга қарши кураш дастурларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бахтиёр болаларнинг шодон кулгуси, ота-оналар хотиржамлиги ва тўла ишончи бизнинг асосий ютуғимиздир.

Марказий Осиё давлатлари бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кучайтириш орқали болалар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро стандартга содиқлигини тасдиқлайди. Шу нуқтаи назардан тадбирда айни йўналишни ривожлантириш минтақада соғлиқни сақлаш хизмати билан тўлиқ қамраб олишга эришишнинг муҳим омили сифатида қайд этилди.

– Марказий Осиёда соғлиқни сақлаш тизими икки томонлама юкламага дуч келмоқда: юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда оналар ва болалар ўлими соҳасидаги тугалланмаган вазифалар, – дейди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кетрин Рассел. – Бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш эса ушбу масалаларни ҳал қилиш учун иқтисодий жиҳатдан энг самарали ва тўғри стратегия.

Анжуманда болалар ва ўсмирларга онкологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тизимни давлат дастурлари билан уйғунлаштириб, изчил профилактикани йўлга қўйиш, эрта ташхис қўйиш ва даволаш, малакали кадрлар тайёрлаш, психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жараённи рақамли мониторинг билан қамраб олиш зарурлиги таъкидланди. Ҳамроҳлик хизмати клиник ёрдам доирасидан чиқиб, ота-она, ўзаро ёрдам гуруҳи ва оилавий маслаҳатни бирлаштириши, болани оилада ва ижтимоий муҳитда қўллаб-қувватлаши керак.

Иштирокчиларга онлайн мурожаат йўллаган ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларининг она ва бола саломатлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатини олқишлаб, шундай деди:

– Болалар саломатлиги – халқнинг соғломлиги. Бу инсон капиталига, ижтимоий барқарорлик ва барчамиз биргаликда қураётган келажакка киритилаётган энг фойдали сармоядир. ЖССТ ҳар доим бу йўлда сиз билан олға боришга тайёр.

Форум якунида иштирокчи давлатлар томонидан ЮНИСЕФ ва ЖССТ кўмагида болалар ва ўсмирлар саломатлиги соҳасида ҳукуматлар, академик ҳамжамият, шериклар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган декларация қабул қилинди.

Муҳаррама Пирматова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech