27-28 май кунлари Доҳа шаҳрида сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Қатар давлати Инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу конференцияда турли мамлакатлардан давлат ташкилотлари ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтлари, эксперт ва илмий доиралар вакиллари иштирок этмоқда.
Конференциянинг биринчи куни доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Қатар давлати Инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси Марям бинт Абдуллоҳ ал-Аттия билан учрашди.
Учрашувда томонлар инсон ҳуқуқларини, шу жумладан рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланишини инобатга олган ҳолда таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Технологик ўзгаришлар шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилишнинг аҳамияти, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар доирасида сунъий интеллектдан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Марям бинт Абдуллоҳ ал-Аттия Ўзбекистон делегациясининг конференциядаги иштирокини маъқуллаб, сунъий интеллектдан ахлоқий фойдаланиш масалалари бўйича халқаро мулоқотда миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг иштироки муҳимлигини таъкидлади. У Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг юксак даражасини қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон делегацияси раҳбари Акмал Саидов мезбон томонга – Қатар Инсон ҳуқуқлари қўмитаси раисига конференция юқори даражада ташкил этилгани ва унга таклиф қилингани учун миннатдорчилик билдирди. Делегация раҳбари Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликнинг изчиллигини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаб, конференция тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни кенгайтириш учун мақбул майдон бўлишига ишонч билдирди.
Шунингдек, конференция доирасида А.Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари, жумладан, шартномавий органлар раҳбарлари, махсус маърузачилар ҳамда Араб минтақаси мамлакатлари, Янги Зеландия, Туркия, Озарбайжон, Уммон, Жазоир, Норвегия ва Мўғулистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари раҳбарлари билан алоҳида суҳбатлар ўтказди. Мулоқотларда Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, халқаро миқёсда қўшма тадбирлар ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, тажриба алмашиш, қўшма экспертлик тадбирларини ўтказиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро платформаларда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш борасида ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.05.2025
- Кўришлар: 225
- Чоп этиш