2 июнь куни Инсон ҳуқуқлари уйида “Отамнинг ҳовлиси” номли шеърий китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими – шоир, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо қаламига мансуб янги китоб 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили муносабати билан нашр этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тақдимотни очар экан, ушбу тадбир айнан Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно борлигини қайд этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган болалар 13 млн нафардан кўпроқни, яъни жами аҳолининг қарийб 35 фоизини ташкил этади. Бу салмоқ ҳар йили тахминан 1 миллион нафарга кўпаймоқда.
Шу икки рақамнинг ўзи ҳам Янги Ўзбекистонда болаларга эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмаслигини яққол кўрсатиб турибди. Бинобарин, мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш энг устувор масала ҳисобланади.
Янги китоб айнан болаларга бағишланган. Унинг саҳифаларидан жой олган шеърларда болалар ва атроф-муҳит, табиат ва шеърият, инсон ҳуқуқлари ва экология ўртасидаги ўзаро боғлиқлик равон ҳамда тушунарли тарзда талқин этилган.
Маълумки, бугунги кунда экологик таҳдидлар, бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. Иқлим инқирози ва табиат офатларидан ҳар бир инсон азият чекмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши учун энг кам жавобгар инсонлар – болалар энг кўп жабр кўрмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2017 йил 19 апрелда Париж битимини ратификация қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Болалар, ёшлар ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилган.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди. Бу муҳим ҳуқуқий қадамлар мамлакатимиз том маънода болажонларимизнинг бахтли ҳаёти ва ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг яққол ифодасидир.
Тақдимотда "Тонг юлдузи" газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Дилшод Ражаб, «Класс» газетаси бош муҳаррири Маргарита Арутюнова ва бошқалар сўзга чиқиб, табиат, ижод ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги узвий боғлиқликнинг аҳамияти ҳақида тўхталдилар. Янги шеърий тўплам болалар ва ўсмирлар кутган қизиқарли китоб экани эътироф этилди.
“Отамнинг ҳовлиси” китоби – табиатга меҳрнинг назмий ва тасвирий ҳамоҳангликдаги ўзига хос тараннумидир. Ушбу китобдан “Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида”, “Бойликни болаликдан асранг!”, “Онажоним табиат” сингари танловларга келган ранго-ранг расмлар ҳам жой олган.
Тадбир якунида болалар мушоираси ўтказилди. Мушоирада фаоллик кўрсатган ўқувчи-ёшларга, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига китоблар тақдим этилди. Ушбу китобда расмлари чиққан болажонларимизга ҳам китоб етказиб бериладиган бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.06.2025
- Кўришлар: 264
- Чоп этиш