“Иқлим ўзгариши ва экология – болалар нигоҳида” танлови ғолиблари тақдирланди

2 июнь куни Инсон ҳуқуқлари уйида “Иқлим ўзгариши ва экология – болалар нигоҳида” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Тонг юлдузи” ҳамда “Класс!” республика болалар ва ўсмирлар нашрлари таҳририятлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тақдирлаш маросимини очар экан, ушбу танлов 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили ҳамда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланганига эътиборни қаратди. Танловга шу йил 12 февраль куни старт берилганди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизда давом этаётган бола ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ва экология соҳасидаги билимни рағбатлантириш орқали болалар ва ўсмирларда экологик маданиятни шакллантиришдан иборат. Шунингдек, болалар ва ўсмирларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини олдини олишга доир экологик дунёқарашни кенгайтириш ва илғор ғоялар муаллифларини рағбатлантириш мақсад қилинган.

Қисқа вақт ичида ёш ижодкорлардан “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталари таҳририятига 300 дан ортиқ материал ва ижодий ишлар келиб тушди. Мазкур материаллар ва ижодий ишлар бир-бирини такрорламаган ҳолда, ёш ижодкорларнинг ўсмирлар дунёсига ва табиатга қизиқишларини яққол кўрсатиб бергани билан қимматлидир. Ҳар бир ёш ижодкор яратган ижод намунасида ўзига хос ёндашувни кўриш мумкин.

Икки босқичда – “Энг яхши мақола ва иншо”, “Энг яхши видео ролик” номинациялари бўйича аниқланган танлов ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, уларни табиатга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, хусусан, экология соҳасидаги билимларини ҳар доим ошириб бориш муҳимлигини таъкидладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech